Жорий йил Рамазон ойида Суриядан қайтарилган 156 нафар Ўзбекистон фуқароларининг 4 нафари қашқадарёлик аёллар эканлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Деҳқонобод калий заводида Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтган.
Унда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги бош отинойиси Шоира Каромова Суриядан қайтган 4 нафар қашқадарёлик аёл ҳақида маълумот бериб, улар билан суҳбатлашилганда аёллар катта хатога йўл қўйганини кеч англаб етгани хусусида гапирган.
«Қарши шаҳридаги касб-ҳунар коллежларининг бирида таҳсил олган, 1993 йил туғилган ёш қизларимиздан бири ўзбек йигитини севиб қолиб, у билан аввал Россия давлатига кетади. Россиядан Туркияга, ундан сўнг эса Сурияга ўтиб кетгани ҳақида гапириб берди. Севиб турмуш қурган инсони Суриядаги жангларнинг бирида ҳалок бўлгач, ўзбек аёли аввал ливанлик йигитга, сўнгра араб йигитига турмушга чиқишга мажбур бўлади. Хуллас, бошидан не-не кунларни ўтказиб, Ватанимизга 3 нафар фарзанди билан қайтади. Ўша ўзбек қизининг бир гапи мени жуда таъсирлантирди. ‘Ўзимга қандай жазо беришса ҳам розиман, боиси мен Ватанга сотқинлик қилдим, шундай юртимни ташлаб чиқиб кетдим. Аммо фарзандларим тинч ва осуда осмон остида — Ватанимизда яшашини хоҳлайман», — дейди Шоира Каромова.
Вилоятда жамиятдаги фаол ва ташаббускор аёлларнинг 50 нафаридан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар иштирокида хотин-қизларга оид давлат сиёсати, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, оилаларда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинарлар бўлиб ўтмоқда.
Манба: Daryo.uz