islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халқаро сиёсий институтлар мутасаддилари: “Ўзбекистондаги саъй-ҳаракатларга хайрихоҳмиз”

Президентимиз 2019 йилнинг 15 июнида Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитидаги сўзлаган нутқида динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.

Ана шу ташаббуснинг навбатдаги амалий тасдиғи сифатида жорий йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида АҚШ Тинчлик институти билан ҳамкорликда халқаро анжуман ўтказилди.

Унда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон ва Афғонистондан элликка яқин халқаро эксперт ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мухбиримиз халқаро семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин:

Нэнси ЛИНДБОРГ,

АҚШ Тинчлик институти президенти:

— “С5+1” доирасида бўлиб ўтаётган семинар АҚШ Тинчлик институти ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинганидан бағоят мамнунмиз. Анжуманда Марказий Осиё давлатларининг илмий доира вакиллари, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганларни соғлом ҳаётга қайтариш соҳасининг етук экспертлари қатнашмоқда.

Семинардан кўзланган асосий мақсад террористик ва экстремистик ташкилотларга алдов йўли билан кириб қолганларни тўғри йўлга бошлаш, нотинч ўлкаларга кетганларни юртига қайтариб, реабилитация қилишга кўмаклашиш масалаларини муҳокама қилиш, фикр ва тажриба алмашишдан иборат. Бу ишларни амалга оширишда “С5+1” мамлакатлари билан ҳамкорликни тобора кенгайтирмоқдамиз. Ишончим комилки, самара ўзини узоқ куттирмайди.

Биз Ўзбекистонга ташриф асносида ҳукумат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари билан кўплаб учрашувлар ўтказиб, шу масалаларни муҳокама қилдик.

Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан бир гуруҳ аёл ва болалар юртга қайтарилгани жасоратли иш бўлди. Бу эзгу тадбир бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиб, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўхшаш ҳаракатлар бошланишига туртки берди.

Марказ тўғрисидаги таассуротларим бир олам. У миллий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган, барча қулайликларга эга, техник жиҳозланиши ривожланган давлатлар вакилларида ҳам ҳавас уйғотади. Айниқса, бу ердаги илмий муҳит алоҳида ажралиб туради. Тадқиқотчилар билан учрашиб билдимки, бу ерда ўз соҳасининг етук мутахассислари ишлайди.

Кенешбек САЙНАЗАРОВ,

Қирғизистон Республикасидаги “Муштарак манфаатларни аниқлаш” Марказий Осиё дастурлари директори:

— Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўта ноёб муассасалардан бўлиб, бутун Марказий Осиё халқларининг умумий илмий ва маданий мулки саналади.

Биз марказ билан май ойидан буён яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Мана, бу ердаги дўстларимиз билан ушбу семинарни ўтказмоқдамиз. Анжуманда Марказий Осиёдаги барча мамлакатлардан вакиллар қатнашаётгани жуда қувонарлидир.

Ишончим комилки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бутун минтақа мамлакатлари диний-маърифий муассасалари, барча маърифатпарвар илм намояндалари учун Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан бошқа буюк алломаларнинг йўлини давом эттиришга хизмат қиладиган мулоқот майдонига, шериклик марказига айланади.

Марказ раҳбарияти билан суҳбатда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатидан 3-4 нафардан ёш тадқиқотчиларни бу ерда тадқиқот олиб боришини ташкил қилиш масаласини ҳам муҳокама қилдик — токи, таълим ва изланишлар ниҳоясига етгач, улар юртига қайтиб, олган билимларини ўз тилида ёйсин.

Имом Бухорий яшаган даврдан ҳозирги кунгача битилган қўлёзмаларнинг қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларига таржима қилиниши буюк алломаларнинг бой меросини тарғиб қилиш йўлида муҳим дастуриламал, айни пайтда радикализм ва экстремизм каби иллатларга қарши маърифат билан курашишнинг кучли механизми бўлади.

Марказ илм аҳлини бирлаштириш, бой ва ноёб меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта салоҳиятга эга.

Рустам АЗИЗИЙ,

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Исломий тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари:

— Ушбу анжуман юксак савияда ташкил қилингани, марказ фаолиятининг мазмунан жуда бой экани, хусусан, алломалар меросини тиклаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш, қайтадан англаш ва замонавийлаштириш борасидаги ишлар таҳсинга лойиқлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистонда исломий меросни, халқнинг қадимий тарихини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани қувонарлидир. Зеро, исломий илмлар, тарих бутун Марказий Осиё халқлари учун ўзлигини белгилашда муҳим омиллардан саналади.

Имом Бухорийдек буюк алломанинг илмий меросини ўрганиш, жамоатчиликни бунга жалб қилиш тарихий илдизларга қайтиш, одамларнинг қудрати ва салоҳиятини ошириш, ҳаётнинг барқарорлигини таъминлаш, радикализмни бартараф этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тарихнинг мана шу қисмига алоҳида аҳамият қаратиб келаётгани яқин истиқболда ўз самарасини беради, албатта. Бундай ташаббуслар ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани эътиборга молик. Бу борада биз ҳам Ўзбекистон саъй-ҳаракатларига хайрихоҳмиз.

Манба: О. ФАЙЗИЕВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Дин ишлари бўйича Матбуот хизмати

Манба: religions.uz

106230cookie-checkХалқаро сиёсий институтлар мутасаддилари: “Ўзбекистондаги саъй-ҳаракатларга хайрихоҳмиз”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: