islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин У зотга итоат қилиш вожиблиги (5-фасл)

Саҳобаларга Қуръони каримдаги Аллоҳнинг амри билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида У зотга эргашиш ва итоат қилиш вожиб бўлган эди. Ҳудди шунингдек, вафотларидан кейин саҳобаларга ҳам, улардан кейинги мусулмонларга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсуниш вожиб. Чунки итоат қилишни вожиб бўлишига сабаб бўладиган умумий ҳолдаги далиллар ҳаётлик вақтларига ва саҳобаларга қайдланмаган. У зотнинг сўзлари, ҳукмлари ва қилган ишлари Аллоҳ таолога бўйсунишга чақиради. Шариат қонунларини Аллоҳ таолонинг амри билан чиқарувчи бўлганлар. Бу эса тирик бўлишлари ёки вафотларидан кейин бўлишига қайдланмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон қаерда бўлса ҳам суннатларига эргашиш вожиблигига кўрсатма берганлар. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни Муоз ибн Жабал разяллоҳу анҳуни Яманга юборганларида ҳам кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

كيف تقضي اذا عرض لك قضاء” قال اقضي بكتاب الله، قال: “فان لم يكن في كتاب الله” قال: فبسنة رسول الله، قال: ” فان لم يكن في سنة رسول الله” قال: اجتهد رايي و لا الو. فضرب رسول الله صلي الله عليه وسلم علي صدره، و قال:”الحمد لله الذي وفق رسول رسول الله لما يرضي رسول الله”

“Агар сенга бир хукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?”, дедилар. У киши:

“Аллоҳнинг Китоби ила хукм чиқараман”, деб жавоб берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?”, дедидилар.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни суннати ила”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Расулуллоҳнинг суннатларида бўлмаса-чи?”, дедилар.

“Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман”, деди у. Шунда Расулуллох Муоз ибн Жабал разяллоҳу анҳунинг кўксиларига уриб:

“Расулуллоҳнинг расулини Аллоҳни ва Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деб ниҳоятда мамнун бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга вафотларидан кейин ҳам эргашиш бўлиш вожиб эканига маънавий мутавотир даражадаги ҳадислар бор. Шулардан:

تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه

“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз; Аллоҳнинг Китоби ва Набиййини суннати” (Молик ривояти).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разяллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

كل امتى يدخلون الجنة الا من ابي قالوا يا رسول الله و من يابي ؟ قال من اطاعني دخل الجنة و من عصانى فقد ابي

“Ҳар бир умматим жаннатга киради. Лекин, бош тортган (итоатсиз) одам (кирмайди)”, дедилар.

Саҳобалар: “Ким бош тортади, эй Расулуллоҳ”, деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Менга итоат қилган киши жаннатга киради, менга осий бўлган киши бош тортибди”, дедилар.

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасида “Шайтон сизларнинг ерларингизда ибодат қилишдан ноумид бўлди. Лекин бундан бошқа сизлар эътибор қилмаган амалларингда итоат қилинишга рози. Ундан сақланинглар! Мен сизларга агар маҳкам ушласаларинг ҳеч ҳам адашмайдиган – Аллоҳнинг китобини ва Набийини суннатини қолдираман”, дедилар.

Шу сабабдан саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонати бўлган ҳадисни ўзларидан кейинги инсонларга етказишни мақсад қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса саҳобаларни илмни ўзларидан кейингиларга етказишга қуйидаги сўзлари билан тарғиб қилганлар:

    رحم الله امرا سمع مقالتي فاداها كما سمعها و رب مبلغ اوعي من سامع

“Мени сўзимни эшитиб, эшитганидек бошқа одамларга етказган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин. Эшитувчидан зеҳнлироқ қанча етказилган кишилар бор”.

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога итоат қилишга чақирадилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишга буюради. Аллоҳ таолога итоат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш билан бўлади. Бу ўриндаги сабаб саҳобалар ҳамда улардан кейинги мусулмонларда ҳам топилади. Шунингдек, бу сабаб ҳаётлик вақтларида ва вафотларидан кейин ҳам топилади.

Манбалар асосида Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек

108460cookie-checkРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин У зотга итоат қилиш вожиблиги (5-фасл)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: