islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистон Конституциясида 7 минг 550 сўз қўлланилган

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯСИ 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган бўлиб, бу йил асосий қомусимиз қабул қилинганига 27 йил тўлди. Конституция лотинча сўз бўлиб “ўрнатаман”, “белгилаб қўяман” -деган мазмунни ифода этади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Одатда кўп давлатлар Конституцияси нуфузли экспертлар, депутатлар томонидан ишлаб чиқилиб, сўнгра парламентда қабул қилинади. Бундай ҳужжатлар мутахассис нуқтаи назаридан юқори баҳоларга сазовор бўлса-да, унда халқчиллик, халқ руҳияти етишмайди. Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилган.
Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида баъзи бир нарсалар бўладики, у Ватанимиз каби ягонадир: байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта, шу қатори Конституциямиз ҳам битта. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир.

Халқаро экспертлар томонидан эътироф этиладиган хусусият – бу Конституциямизнинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон бир қонунда учратмаймиз. Бунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолати. Асосий қонунимизнинг 7-моддасида асосан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани муҳрланган. Асосий қонунимизда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 марта, “халқ” сўзи 24 марта қўлланган.

Қадимги Рим ҳуқуқшуносларининг фикрича, қонун қисқа, лўнда бўлиши лозим. Дунёда энг кўп сўз ишлатилган Конституция Ҳиндистон Асосий қонуни бўлиб, мутахассислар фикрига кўра унда 146 минг 385 сўз ишлатилган. АҚШ Конституциясида 7 минг 762, Франция Конституциясида 10 минг 180 сўз ишлатилган. Ўзбекистон Конституциясида эса 7 минг 550 сўз қўлланилган.

Қадимдан ҳуқуқшуносликда “ҳуқуқ ва қонун ҳушёр, огоҳ, ғайратли одамлар учун ёзилади, ғафлатда қолганлар учун эмас. Ким ҳуқуқларидан фойдаланмаса, кўрган зарари учун ўзи айбдор” деган қарашлар мавжуд. Шу боис, Конституциямиз ва қонунларимизда кафолатланган ҳуқуқлардан ҳар биримиз ўз ўрнида фойдалана олсак, ҳамиша, ҳар ерда ҳуқуқларимиз таъминланишига эришамиз.

4-курс талабаси Маҳамедова Гулрух

109980cookie-checkЎзбекистон Конституциясида 7 минг 550 сўз қўлланилган

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: