islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсон қадр-қиммати ҳар нарсадан устун

Ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш мамлакатимизда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросим кўтаринки руҳи, мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётига дахлдор энг долзарб масалалар кенг муҳокама қилингани билан тарихий аҳамият касб этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузасини диққат-эътибор ила тингладик. Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида: “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир”, дея алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилган. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ўзак-мағзини “Одамларни ҳаётдан рози қилиш” деган юксак тамойил ташкил этаётгани бежиз эмас.

Маълумки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсон қадр-қимматини доимо улуғлаш борасидаги кўрсатмалар келган. Қуръони каримда:

“Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга от-улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70), деб баён қилинади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” деган шиор остида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар қисқа муддатда юксак натижалар бераётганини бугун ҳар қадамда кўриш, кузатиш мумкин.

Муқаддас ислом динининг асл ғояларини халқимизга етказиш мақсадида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Тошкент шаҳрида “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий”, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидлари, Қарши туманида “Абул Муин Насафий” мажмуаси барпо этилгани, буюк аждодларимизнинг илмий асарлари ва бошқа турли диний мавзулардаги адабиётлар етарли даражада нашр этилаётгани, юртдошларимизнинг кунлик ибодатлари билан бир қаторда ҳаж зиёрати квотаси 5 мингдан 7200 нафаргача оширилгани, сафар билан боғлиқ харажатлар эса камайтирилгани, умра сафаридан эса квота умуман олиб ташлангани фикримиз далилидир.

Давлатимиз раҳбари маърузасида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли халқаро экспертлар иштирокида диний соҳадаги давлат сиёсатини янада эркинлаштириш мақсадида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб бориляпти.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилди. Жумладан, уларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи микдори 50 фоиз камайтирилиб, талаб этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Шунингдек, диний ташкилотлар ўз фаолиятига доир ҳисоботни бир йилда бир марта топшириши белгиланди. Авваллари бундай ҳисобот бир йилда тўрт марта топширилар эди.

2017-2019 йиллар мобайнида билиб-билмай тўғри йўлдан адашиб, адашган оқимларга кириб қолган, лекин ўз қилмишига пушаймон бўлган 20 мингдан ортиқ фуқаро махсус рўйхатдан чиқарилди. Уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, 15 мингдан зиёд ижтимоий муаммолар ижобий ҳал этилди.

Президентимиз кейинги уч йил ичида афв этиш тўғрисида 8 та Фармон имзолади. Мустақиллик, Конституция, Наврўз ва Ҳайит байрамлари муносабати билан қабул қилинган ушбу Фармонлар асосида 4 мингдан зиёд юртдошларимиз жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Инсон манфаатлари йўлидаги халқпарвар, элпарвар сиёсатнинг яна бир амалий ифодаси ўз юртини ташлаб кетган, алданган, адашган ватандошларимизни кечириб, юртга қайтариш бўлди. Жорий йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан, асосан, аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. Уларга зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Бу, ўз навбатида, уларнинг эртанги кунга, келажакка, ёруғ кунларга ишончини янада орттириши, шубҳасиз.

Бош Қомусимизнинг 13-моддасида бундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.

Шунингдек, Бош Қомусимизда яна кўплаб қадриятлар мужассам бўлганини кўриш мумкин. Масалан, мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшайди. Уларнинг ҳеч бири бошқасидан ортиқ ёки кам кўрилган эмас. Ҳаммаси Конституцияда назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлардан тенг ва бирдек фойдаланадилар.

Дунёнинг айрим ҳудудларида миллий, диний, этник келишмовчиликлар бўлиб турган ҳозирги паллада бизнинг диёримизда турли динлар, конфессиялар вакиллари ўз ибодатларини эмин-эркин адо этаётганлари, миллатлар ва элатлар ўз моддий-маънавий эҳтиёжларини тўла қондираётганлари диққатга сазовордир.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида адолатли жамият ҳақида сўзлади. Дарҳақиқат, “Адолат”, “тинчлик”, “тараққиёт” сўзлари бугун юртимизнинг ҳар жабҳасида ёнма-ён қўлланиляпти, амалий ишларда намоён бўляпти. Зеро, Қуръони каримда: “Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир” (Моида сураси, 8-оят), деб марҳамат қилинган. Ислом динида барча ишларда адолатни асосий мезон қилиб олишга чақирилади.

Инсон эрки дахлсиздир. Бу халқаро тамойил Конституциямизда ҳам ўз аксини топган. Асосий Қонунимизда дин ва виждон эркинлиги масалаларига катта эътибор қаратилган. Унда халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, Бош қомусимизда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари кафолатланган.

Асосий қонунимизнинг муҳим бандларидан яна бири – Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат — инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқлари ҳақидадир. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатлангандир.

Шундан келиб чиқиб, юртимизда халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ишларга камарбаста бўлиш уламо ва имом-хатибларимиз учун  ҳам бурчдир. Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини халқимизга етказиш, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида астойдил ҳаракат қилиш уларнинг зиммаларидаги шарафли вазифалардан биридир.

Мухтасар айтганда, тараққиётимизнинг янги даврида Ўзбекистонда диний эркинлик тўла таъминланмоқда. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаб, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қиляпти.

Аллоҳ юртимизни доимо тинч, осмонимизни мусаффо қилсин ва давлатимизнинг янада равнақ топишида Ўзи мададкор бўлсин.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

Манба: Muslim.uz

111500cookie-checkИнсон қадр-қиммати ҳар нарсадан устун

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: