Мотурудия таълимотига кўра Аллоҳ таолонинг 99 исм ва сифатлари бор бўлиб, уларнинг барчаси мукаммал ва нуқсонлардан ҳолидир. Меҳрибон, Раҳмли, Сахий, Қодир ва ҳоказо. У зот биз бандаларни яратар экан ўзининг бу сифатларидан бир қисмини ато қилган. Сабаби шуки унинг буюк зот экани, мукаммал сифатлар эгаси эканлигини у хусусиятларни мазасини татиб кўргандан кейингина тасаввур қила оламиз, ҳис эта оламиз. Аллоҳ таолонинг ана ўша буюк сифатларидан бири “мудаббирлик”дир. Бу сифат барча махлуқотларнинг ишларини олдиндан тадбир қилиб турувчи, уни тартиб интизомга солиб турувчи ва бу ишларнинг назоратида нуқсонга йўл қўймайдиган деган маънони билдиради.
Юқорида айтганимиздек Аллоҳ ўз сифатларидан бандаларига ато қилгани каби мудаббирлик (тадбиркорлик) сифатидан ҳам бизларга насиб қилган. Лекин бу хислат ҳаммага ҳар хил тақсимланган. Бирига кўпроқ, бирига эса озроқ. Ҳар бир инсон бу хислатдан қанчалик оқилона фойдаланишига қараб, иши шунчалик камчиликдан ҳоли бўлиб, мукаммаллашиб боради. Чунки инсонга берилган тадбиркорлик сифати ноқис бўлиб уни ривожлантириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Тадбиркорлик деганда биз тор доирадаги савдо-сотиқнигина тушунмаслигимиз керак, балки у кенг қамровли тушунча бўлиб, ҳар бир ишни ўз ўрнига қўйиш тадбирлилик бўлса, бу ишни бажарган шахс тадбиркор дейилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018-йил “Юртимизда фаол тадбиркорлик ва инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш”, 2019-йил эса ”Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили деб эълон қилиниши ҳам айнан мақсадга мувофиқ бўлди. Чунки динимизда ҳам барча инсонга тадбиркорлик хусусияти берилгани баён қилинибгина қолмай уни шариатга мувофиқ тарзда амалга ошириш ва ривожлантириб боришга тарғиб қилинган. Мисол учун тадбиркорликнинг бир бўлаги бўлган тижоратни оладиган бўлсак.
У ҳақида Аллоҳ таоло “…Ва Аллоҳ бай (савдо)ни ҳалол, рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилиб қўйди…”, (Бақара сураси,275-оят), деган бўлса, бошқа бир сурада эса: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли…” (Нисо сураси,29-оят), дея марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади”, деганлар. (Имом Термизий ривояти). Ушбу оят ва ҳадислар бир томондан савдогарлик ҳалол, фазилатли касб эканлигини англатса бошқа бир томондан ростгўлик омонатдорлик каби масъулиятли ишларни ҳам зиммага юкланганлигини тушунтирмоқда.
Бошқа бир ҳадисда “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинглар, чунки қасам савдони юриштирадию, кейин баракани ўчиради”, дейилган. (Имом Муслим ривояти).
Ҳақиқатдан ҳам савдо-сотиқ ишларида товарни бир амаллаб ўтказиш учун алдовлар, ёлғон-яшиқ гаплар, кези келса тўғрими нотўғри қасам ичиш ҳолатларига кўп гувоҳ бўламиз. Бизнингча шулар билан савдо яхши бўлади, фойда келади. Шундай бўлиши мумкин, лекин Аллоҳ уни баракасини ўчириб қўяди. Қаердандир, бугунми эрта, савдоданми ёки бошқасидан, ўзимиз билмаган ҳолда қайтариб олади. Шундан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳаммамизда Аллоҳ берган тадбиркорлик хислати бор. Ундан тўғри йўлда фойдаланиб, босқичма-босқич ривожлантириб борсак оиламиз, жамиятимиз, энг муҳими охиратимиз обод бўлади.
”Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Султонова Диловар