Бугун бутун дунёни кўзга кўринмайдиган бир вирус ташвишга солмоқда. Баъзи мамлакатларда аҳолининг ваҳима, саросима ҳолатида эканлиги турли муаммолар келтириб чиқармоқда. Эҳтиёжи бўлмасада “қора кунга” деб керакли маҳсулотларни ғамлаб қўйган кимсалар ёки шу баҳонада кўп фойда оламан деб сотмасдан турган сотувчилар сабабли супермаркетлар, дорихоналар бўшаб қолса, асл эҳтиёжмандалар излаган нарсаларини тополмасдан қийналиши мумкин. Шунинг учун уларнинг зарари одамлар учун вируснинг зараридан кўпроқ бўляпти. Ибн Можа, Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қимматлаб кетгунга қадар озиқ-овқатни бозорга чиқармай сақлаб турувчини Аллоҳ таоло моҳов касали ва тижоратини касодга йўлиқтириш билан жазолашини хабар берганлар.
Аслида касалликдан қўрқишнинг ўзи касалликдир. Яъни баъзида юрак касаллигидан қўрқиш айнан юрак хасталигига сабаб бўлади. Камбағалликдан қўрқиш камбағалликдир. Мусибат содир бўлишини кутиш унданда катта мусибатдир. Ҳозирги кунда инсоният дуч келаётган муаммоларнинг кўпчилиги ортиқча ваҳимадан келиб чиқмоқда. Хўп, унда масаланинг ечими нима? Энг мақбул даво бу Тавҳиддир. Аллоҳ таолонинг якка-ю ёлғиз эканлигига иймон келтиришдир. Ечим – тақдиринг Аллоҳ таолонинг қўлида эканлигига ишонишинг, сени Аллоҳ таоло яратганини эсда сақламоғинг, барча ишлар Ҳақ таолога қайтарилишини ёдда тутишинг, сенинг барча ишларинг, саломатлигинг, аҳли-оиланг, фарзандларинг, ризқинг, хотиржамлигинг Аллоҳ таолонинг ҳукмида эканлигига ишонч ҳосил қилмоғингдадир. Агар сен Аллоҳ билан бирга бўлсанг, Аллоҳ таоло ҳам сен билан бирга бўлади.
Айни вақтда инсоният ушбу ҳақиқатни англаб етиб, унга амал қилишга ҳар қачонгиданда муҳтождир. Зеро Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 81-оятида марҳамат қилиб айтадики: “Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!”. Ушбу саволга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи жавоб бериб: “Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир”, дейди. (Анъом, 82)
Ҳақиқий мўмин бирор мақсадга эришиш учун дунёдаги барча сабабларни, воситаларни амалга оширади. Бунда гўё натижа ушбу сабабларга боғлиқ деб тасаввур қилади. Сўнгра Аллоҳ таолога таваккул қилади. Қилган барча воситаларини ҳеч нарса деб билади. Бугун баъзи ўлкаларда сабаблар ақл-бовар қилмас даражада амалга оширилмоқда. Барча нарса ушбу сабабларга боғлиқ деб ўйлаб Аллоҳ таолони унутишмоқда. Лекин биз мусулмонлар улардан фарқли ўлароқ ўз динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, аввало, барча эҳтиёт чораларини кўришимиз, сўнгра натижани Аллоҳ таолодан деб билмоғимиз лозим.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Нодиров Ҳумоюн