islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА ЎРГАТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА (БИРИНЧИ МАҚОЛА)

بسم الله الرحمن الرحيم

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир». [1]

Ушбу ҳадисни рошид халифадан ривоят қилган Абу Абдурраҳмон ас-Суламий дедилар: «Бу – мени ушбу (мударрислик) курсисига ўтқизиб қўйган ҳадисдир». Яъни, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий розияллоҳу анҳу набавий ҳадисда ваъда қилинган яхшиликларни кўзлаб, Куфа масжидида кишиларга Қуръони каримдан таълим бердилар ва бу саййидимиз Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликларидан то Ҳажжож ҳукмронлигига қадар қадрибаландликлари, илмларининг кўплиги ва унга бўлган кишиларнинг рағбат ва эҳтиёжи туфайли қирқ йилдан кўпроқ давом этди. [2]

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир» деган сўзларидан Қуръон тиловатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санад соҳибига Қуръонни ўқиб берган, қироатини тўғрилаган ва ундан ижоза олган мусулмон шайхдан ўрганиш лозимлиги келиб чиқади. Кишининг шунчаки саводхон бўлиши ёки Қуръондан бошқа арабча китобларни ўқий олиши етарли эмас, чунки Қуръон саводхонлиги оддий саводхонликдан фарқ қилади. Шунинг учун улуғ саҳоба Зайд ибн Собит айтадилар: «Қироат – кейинги келган киши ўзидан аввалгидан ўрганадиган ва унга эргашиладиган суннатдир». Шунга кўра, агар киши Қуръонни маҳоратли ва пухта инсондан ўрганмаса, Уни тўғри ўқий олмайди, қироати давомида кўп ва хўб хатолар қилади, ўзи билмаган ҳолда айрим сўзларнинг маъноларини бузиб ҳам юборади, ваҳоланки унинг ўзи Қуръонни тўғри ўқиябман деб ўйлайди, ҳаттоки қироатда мендан афзали бўлмаса керак деган гумонга ҳам бориб қолади.

Мен бу сўзни менга Қуръонни, қироатни оби-тобига келтиряпман деб ўйлаб ўқиб берган кўп кишилар орқали ҳосил бўлган тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Улар менга Қуръон ўқиб бераётиб бирор хатога йўл қўйсалар ва мен хатоларини тўғриласам: «биз Қуръонни тажвид билан ўқияпмиз, тиловатларини тузатмайдиган кўпчиликдан афзалмиз деб ўйларканмиз» дея ажабланишарди.

Ҳар бир мусулмон киши учун Аллоҳ таолонинг «Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўрангиз» [3] оятига итоат қилиб, Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганиши вожиб бўлади.

Ҳар қандай илм борасида унинг аҳлига мурожаат қилинади. Мисол учун, бир киши инглиз тилини билмайди, аммо уни ўрганишни истайди. Инглиз тилини ўрганиш учун кимнинг олдига боради? Араб тили ўқитувчисигами ё математика ўқитувчисигами? Ё бўлмаса қайси ўқитувчига боради? Йўқ! у инглиз тили ўқитувчисига боради.

Бошқа бир мисол, бир бемор киши даволанишни хоҳласа кимнинг олдига боради? Архитекторнингми ёки ўқитувчинингми? Ё бўлмаса компьютерчининг олдигами? Йўқ! У шифокорнинг олдига бориши керак.

Қуръони карим тиловатида ҳам шундай! Қуръонни тўғри ўқишни истаган киши, қайси касбда бўлишидан қатъий назар Қуръонни тажвид билан тиловат қиладиган кишининг олдига бориши керак. Айниқса, мударриснинг ўзи Қуръонни тажвид билан ўқийдиган ҳамда тиловатини бошқа бир тажвид соҳибидан ўтказиб олган бўлиши жуда муҳимдир. Ушбу санад эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача боғланган бўлиши керак.

Қуръон ўрганувчи сабрли бўлиши, ҳар нарсага ранжиб қолавермаслиги, устози унинг хатоларини кўп тузатганида жиғибийрон бўлмаслиги, тиловатни тўғрилаш чоғида устозининг сўзини бўлмаслиги керак.

Олийҳиммат ва азмиқарор ила Қуръони каримни ўрганишни бошлаган барча мўмин-мусулмонларга шайх Муҳаммад Маккий Наср айтган ушбу тавсияларини келтирамиз: Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, дер эдилар: «Эй биродар, огоҳ бўлинг! Ҳимматингизни уйғотинг, қатъиятингизни ишга солинг! Сизга берилаётган илмни англашда, сизга юкланаётган омонатни қабул қилишда сергак туринг! Чунки инсонлар Қуръон ўқишда тиловатни гўзал қилиб ажр олиш ҳамда қироатни бузиб гуноҳкор ёки нуқсонли бўлиш ўртасидадирлар».

Эй Қуръон ўқувчи, сиз қайси томондасиз?..

Давоми бор…

#Йўлдошбек_Нуриддинов, #Робияхон_Нажмиддинова

(Саййид Лошин Абул-Фараҳнинг «Дуруусун муҳимма фий шарҳи дақоиқил-муҳкама» китобидан эркин таржима)

1. Имом Бухорий (5027-рақамли ҳадис) ва имом Абу Довуд (1452-рақамли ҳадис) ривояти;
2. Шайх Муҳаммад Маккий Наср «Ниҳаятул-қовлил муфийд фий илмит-тажвид» асарида зикр қилганлар;
3. «Наҳл» сураси 43-оят.

128900cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЎРГАНИШ ҲАМДА ЎРГАТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА (БИРИНЧИ МАҚОЛА)
2 та фикр мавжуд
  1. Ходжиева Раьно

    Ассалому алайкум, жуда хам долзарб ва фойдали макола! Муаллифларга рахмаат! Давомини кутиб коламиз!

  2. Аиша Тахировна

    Ассаломуалайкум кизикарли хамда жуда фойдали макола . Бу су’зларни у’зимга насихат сифатида Кабул килдим. Муаллифларга ташаккур!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: