У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир. Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оталарининг исми Молик бўлган, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган Саъд ибн Абу Ваққоснинг номларига оталарининг исми эмас, куняси қўшилиб айтиш одат бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб Исломга кирганлар гуруҳидан ҳисобланадилар. Маълумки, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар. Шу билан бирга Саъд ибн Абу Ваққос ўзларини учинчи бўлиб Исломга келган шахс ҳисоблар юрар эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров Исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб турдим». Бухорий ривоят қилган. Уламоларимиз маълумотларнинг ҳаммасини диққат билан ўрганиб чиқиб, Саъд ибн Абу Ваққос еттинчи рақамли мусулмонлар деган хулосага келганлар. Буларнинг ҳаммаси Саъд ибн Абу Ваққоснинг Исломга илк бор кирган улуғ зотлардан эканликларини кўрсатади ва у киши учун улуғ фазл манбаси ҳисобланади.
Саъд ибн Абу Ваққос ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъднинг онаси унга ҳаттоки у ўз динига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб ичмасликка қасам ичди. Ва, Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» деди. Бас, уч кун туриб қийналганидан хушидан кетиб йиқилди. Унинг Умора деган ўғли туриб унга (бир нарса) ичирди.
Бошқа ривоятда: «Қачон унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуои бад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло: «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма»ни нозил қилди». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу мажоралари ҳақидаги имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, ҳалот яна ҳам равшанлашади.
Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Саъд ибн Абу Ваққос ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эди. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эди. Шундоқ қилиб Саъд ибн Абу Ваққос ўз вақтининг энг моҳир ва машҳур мерган камончиси бўлиб етишди. У кишининг қалбини иймон нури ёритган азадан бошлаб Исломнинг мухлис лашкарига айландилар. У киши ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам душманга юзма-юз келишдан тап тортмас эдилар. Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек бошқа Исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн берилганда Саъд ибн Абу Ваққос биринчилардан бўлиб дину диёнат, иймону эътиқод йўлида Маккадан Мадийнага ҳижрат қилдилар. Ҳижратдан кейин бўлган барча ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турганлардан бири Саъд ибн Абу Ваққос бўлдилар. Биринчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб бошлиқ сарийяни Робиғ тарафга юбордилар. Улар биринчи сарийя ҳисобланар эдилар. Сарийя Қурайшнинг карвони билан йўлиқиши керак эди. Мушрикларга Абу Суфён бошлиқ эди. Мусулмонларнинг сарийяси олтмишта муҳожир саҳобалардан иборат эди. Мусулмонларнинг бу биринчи чиқишларида, биринчи байроқ ҳам тикилган эди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эдилар. Икки тараф тўқнашди. Мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана шунда Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб ўз камонларидан душманга тинмай ўқ узар эдилар. У киши ҳар ўқ отишлридан олдин: «Эй бор Худоё! Уларнинг қадамларини ларзага солгин, қалбларига қўрқувни солгин, уларни ундоқ қилгин, бундоқ қилгин», дер дуо қилар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар: «Эй бор Худоё! Саъднинг дуосини қабул қилгин!» дер эдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг худди ўша мерганлик сифатлари Уҳуд урушида қўл келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга, «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дейишлари жуда катта гап. Бу гапни у зот бировга айтмаганлар. Бу ҳам Саъд ибн Абу Ваққосга бошқаларда йўқ фазлни беради. Фақат кейинроқ бўлган Хандақ урушида у зот алайҳиссалом «Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деган гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам айтадилар.
Имом Теримизий ривоятидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга қарата айтган, «Эй паҳлавон йигит!» деган гаплари ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларига хосдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида бир кеча уйқулари қочди ва: «Саҳобаларимдан бир киши мени кечаси қўриқлаганида эди», дедилар. Биз шундоқ ҳолда турганимизда силоҳнинг шитирлаганни эшитиб қолдик. Бас у зот: «Бу ким!?» дедилар. «Саъд ибн Абу Ваққос», деди. «Нимага келдинг?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кўнглимга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида хавф тушиб у зотни қўриқлагани келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуо қилиб сўнгра уйқуга кетдилар». Термизий ва Муслим ривоят қилган. Бундоқ иш Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истакларига биноан Саъд ибн Абу Ваққоснинг кўнгилларига илҳом солмаса бўлиши қийин. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси орзу қилганларига мос келиб у зотни қўриқлаб дуоларини олиш. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Саъд Сенга қачон дуо қилса, қабуд айлагин!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Эллик тўртинчи ҳижрий сана. Мадийнаи Мунавваранинг четидаги Ақиқ номли ноҳия. Саксон уч ёшли Саъд ибн Абу Ваққос сафарга ҳозирланмоқдалар. У кишининг ўғиллари бу ҳозирлик ҳақида ҳикоя қиладилар: «Отамнинг боши қучоғимда эди. У киши жон таслим қилмоқда эдилар. Мен йиғладим. У киши: «Нимга йиғлайсан, ўғлим? Албатта, Аллоҳ мени ҳеч азаобламайди. Мен аҳли жаннатларданман» дедилар.
Сўнгра у киши сандиққа ишора қилдилар. Уни очишди. Ичидан эскириб кетган ридони олишди. Саъд ибн Абу Ваққос ўз аҳлларига ўзларини ўша ридога кафанлашни амр қилилар ва: «Бадр куни мушириклар билан жанг қилганимда шуни кийган эдим. Мана шу кун учун сақлаб қўйган эдим», дедилар. Саъд ибн Абу Ваққоснинг жанозаларига Марвон ибн Ҳакам ўтди. У кишининг пок жасадлари Жаннатул Бақийъга дафн этилди. Жаннат башорати берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос эдилар. Баъзи уламоларимиз, муҳожирлардан охири вафот этганлари ҳам Саъд ибн Абу Ваққосдир, дейдилар. Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан Ўзи рози бўлсин!
“Диний фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев