islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расм ва селфига тушиш жоизми?

Савол: Расмга тушиш гуноҳми? Баъзи инсонлар ўзини селфи қилишдан тия олмайдилар. Расм ва селфига тушиш ҳақида шариъатимизда нима дейилган?

Расмга зарурат туфайли тушилса жоиз, масалан паспорт ва турли ҳужжатлар учун. Шунингдек, оила аъзолар, қариндош ва дўстлар эсдалик учун суратга тушишларида монелик йўқ.

Расм тушиш ҳаром ишларга сабаб бўлса, мумкин эмас.
Жонсиз нарсалар, табиат ва ҳайвонларни суратлари ва уларни расмга олиш жоиз.

Шу ўринда ҳозирда пайдо бўлган “селфи” ва аёлларнинг суратлари ҳақида маълумот берсак.

“Нарсалар аслида мубоҳдир. Илло, ҳаромлигига далил келганлари бундан мустасно. Демак, мубоҳ ишлар, агарда ҳаромга, гуноҳ-маъсиятга сабаб бўлса, ҳаром деб ҳукм қилинади. Чунки, амалларга, нима мақсадда қилингани бўйича ҳукм қилинади. Масалан, расмга тушувчи нима мақсадда расм ва селфига тушаяпти, шунга кўра, унга ҳукм чиқарилади.

Мусулмонлар ҳар доим ўзларининг олий хулқи билан бошқалардан ажралиб турганлар. Селфи, ўзини суратга олиш ҳаром ёки қораланган иш эмас, аммо суратга тушувчи томонидан содир бўладиган ҳар хил бежо, беҳаё ҳаракатлар қораланган.
Кўпинча аёл-қизлар селфига тушиб, суратларини телеграм, инстаграм ва фейсбукка жойлайдилар.

Аллоҳ таоло ўз каломида мўъминаларга:
“Ўз уйларингизда қарор топинглар, кўчага чиққанларингизда эса, илгариги жоҳилият даври ясанишидек, ясанмангизлар!”-деб буюради.

Абу Убайда роҳимаҳуллоҳ оятдаги “табарруж” – ясаниш калимасини тўсиш керак бўлган зийнатларини ошкор қилиш деб, Зажжож роҳимаҳуллоҳ эса, эркакларни шаҳватини қўзғатадиган даражада кийиниш ва кўриниш”-деб тафсир қилганлар.

Шундай экан, олинган суратлар гуноҳ-маъсиятга сабаб бўлмаслиги, эркакларни фитнага солмаслиги шартдир.
Аёл-қизлар ўзлари, маҳрамлари учун селфи тушса бўлади. Аммо ўша селфи суратларини интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлаши жоиз эмас. Бу иш фитнага сабабчи бўлади. Юқоридаги оятда айтилганидек, зийнатни ошкор қилиш ва табарруж, ясаниш, ўзини кўз-кўз қилиш ҳисобланади. Бу эса, гуноҳдир.

Али Муҳаммад Шавқийнинг “Фейсбук” одоб ва аҳкомлари” китобидан фойдаланилди

@habib_uz

148261cookie-checkРасм ва селфига тушиш жоизми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: