Савол: Мен дин тўғрисида сизларчалик билимга эга эмасман, лекин Аллоҳ тош ва бутга сиғинишни тақиқлаганини биламан. Нега энди Макка ва Мадина шаҳарларига бориб, ўша жойлар тавоф қилинади? Билишимча, у ерга муқаддас қора тош учун борилади. Нега айнан ўша жойга бориб келиш билан гуноҳлар ювилади деб ишонилади, ваҳоланки, савоб олиш ва гуноҳни ювиш учун жойни таъсири бўлмаса керак?
Жавоб: Бундай фикр бирон нарсани Аллоҳ учун улуғлаш билан, Аллоҳ билан бирга яъни унга шерик қилиб улуғлаш орасидаги фарқни англамасликдан келиб чиқади. Бутпарастлик бу бутларни Аллоҳга шерик қилиб улуғлаш бўлса, Каъбани тавоф қилиш Аллоҳни буйруғини бажаришдир. Каъбани тавоф қилишда каъба мақсад эмас. Балки Аллоҳнинг амрини бажариш билан унинг розилигини топиш асосий мақсад. Каъба ва бошқа муқаддас нарсаларни, биз ўзимиздан келиб чиқиб улуғлаб олган эмасмиз ва уларнинг зотида улуғлик бор, деб эътиқод қилмаймиз. Балки, Аллоҳ улуғлик бергани учун улуғлиги бор, деб ҳисоблаймиз. Уларда инсонга фойда ёки зарар бериш хусусияти йўқ. Худди фаришталарга Одам алайҳиссаломга сажда қилиш орқали уни улуғлаш буюрилганидек, инсонларга ушбу маконларни зиёрат қилиш буюрилди. Мусулмонлар ушбу жойларни Аллоҳнинг буйруғини бажариш учун тавоф ва зиёрат қиладилар. Унга муҳаббат қиладилар, шавқлари Унга бўлади, Ундан қўрқиб йиғлайдилар. Унинг мағфиратидан умидвор бўладилар. Шунинг учун улар буюрилганидан ортиқча нарсаларни қилмайдилар.
Бутпарастлар эса бутларни тавоф қилишда бутларда зотий улуғлик бор деб эътиқод қилардилар. Уларда инсонга фойда ёки зарар бериш хусусияти бор деб эътиқод қилар эдилар. Бутларга яқин бўлишни хоҳлар эдилар. Уларга сажда қилишар, улар учун қурбонликлар қилар эдилар. Улар бутга ибодат қилгани учун уйларида ҳам бутлар бор эди. Энди айтинг қайси мусулмоннинг уйида каъба ёки тош бор. Қайси мусулмоннинг уйида насронийларда бўлганидек хоч бор. Демак, мусулмон Аллоҳга ибодат қилади ва Аллоҳ буюргани учун тавоф қилади, саъй қилади, шариат буюргани учун ҳажарул-асвадни ўпади ёки унга ишора қилади. Ҳажнинг бутпарастликдан фарқи шу.
Энди саволнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, юқоридаги жавобдан унга ҳам жавоб олишимиз мумкин. Лекин, шуни қўшимча қиламизки, Аллоҳ таоло бадаларини тавба қилишга буюради ва тавба қилганларнинг гуноҳини кечиришга ваъда беради. Бунинг учун банданинг тавбаси ҳақиқий тавба бўлиши зарур. Банда ихлос билан ҳақиқий тавба қилиб Аллоҳга қайтса қаерда бўлса ҳам гуноҳи кечирилади, албатта. Лекин унинг содиқ банда бўлиб, ҳақиқий тавба қилганини аломатлари бор. Йўллар босиб Аллоҳ таоло муқаддас қилган жойларга бориб тавба қилиш ва буюрилган қийин амалларни ихлос билан бажариш ана шу содиқликнинг бир кўринишидир. Шунинг учун улар онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок ҳолда уйларига қайтадилар. Валлоҳу аълам.
ТИИ ўқитувчиси
Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади