Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий йилнинг 29 ноябрь куни ҳадис фанидан “Имом Бухорийга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида 2-курс талабалари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди. Талабаларнинг билим савиясини ошириш ва мутахассислик фанларига бўлган иштиёқни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига биноан институтда алоҳида фан ойлиги ташкил этилган. Жорий йилнинг “Ноябрь ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанлари ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилган мазкур мусобақа талабалар ўртасида ҳадис фанига бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлади.
Мусобақа муҳаддислар ва уларнинг асарларига, мусталаҳул ҳадис атамаларига оид саволлар, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида келган илмга оид ҳадисларни ёддан айтиш каби шартлардан ташкил топган.
Мусобақага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Ж.Нуриддинов ташриф буюришди. Иштирокчилар томонидан берилган жавобларни Ж.Нуриддинов (ҳайъат раиси), У.Ғафуров, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари М.Жангиров, Ф.Маманосиров ва А.Ғиёсовлар баҳолаб боришди.
Мусобақа Қуръони карим тиловат билан бошланди. Институт ректори У.Ғафуров кириш сўзини айтиб, мусобақа иштирокчиларига мувоффақият тилади. Тўртта шарт бўйича пухта тайёрланган 2-курс талабалари ҳадис ва мусталаҳал ҳадис фани бўйича эгаллаган бор билим ва маҳоратларини намойиш қилишди.
Мусобақа жараёнида томошабинларга ҳадис фанига оид қисқа саволлар берилди. Жавоб беришда фаол бўлганлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мусобақа якунига кўра, 170 балл билан 2-Г гуруҳи биринчи ўринни, 167 балл билан 2-А гуруҳи иккинчи ўринни, 166 балл билан 2-Б гуруҳи учинчи ўринни эгаллашди. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Ноябрь ойи – Абул Муин Насафий ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан талабалар ўртасида реферат ёзиш танлови эълон қилинган эди. Ушбу танлов якунларини ҳам тадбир охирида эълон қилинди. Унга кўра, 1-ўринни сиртқи йўналиш 1-г гуруҳ талабаси Уринбаев Равшан, 2-ўринни 3-Б гуруҳ талабаси Абдураҳмонов Муҳаммадюсуф, 3-ўринни 1-З гуруҳи Нигматова Моҳира ва 2 В гуруҳ талабаси Ниёзалиева Мунаввар эгаллашди.
Ноябрь ойи давомида талабалар ўртасида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанларига доир савол-жавоблар танлови эълон қилинган эди. Мусобақа якунида ушбу танлов ғолиблари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, 1-ўринни Ниёзалиева Мунаввар, 2-ўринни Парпиева Маҳлиё, 3-ўринни Нодиров Ҳумоюн ва Атаджанова Ёқутхонлар эгаллашди.
Мусобақа сўнгида ғолибларга институт раҳбарияти томонидан тақдим қилинган қимматбаҳо совғалар ва китоблар мажмуаси топширилди.
ТИИ “Диний фанлар” кафедраси мудири
Соатмурод Примов