Маълумки, Рабийъул-аввал ойи бутун мусулмон оламида ўзгача шукуҳ билан қарши олинадиган ойлардан биридир. Мазкур ой муқаддас динимиз миллий қадриятига айланиб улгурган халқимиз томонидан ҳам соғиниб кутиладиган ойлардан биридир, десак хато қилмаган бўламиз. Халқимиз томонидан бу ойга нисбатан “мавлид ойи” деб ном қўйиб олингани ҳам сўзиимизга далил бўлади. Ота-боболаримиз қадимдан бу ойда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаб Қуръон хатмлари, саловотлар, нашидалар ўқиганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўз уматларига қилган меҳрибонликлари, кўрсатган мўжизалари ва саҳобаи киромлар, солиҳ авлиёлар ҳаётларида содир бўлган Ул Зот (с.а.в.)га муҳаббат уйғотувчи қисса ва ривоятлар ўқиб эшиттирилган.
Мана шу анъанага биноан Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таваллуд кунлари муносабати билан “Оламларга раҳмат пайғамбар” номли тадбир ўтказилди. Тадбир муносабати билан кафедра ҳудудлари тозаланди, чор атрофга турли безаклар, шарлар билан безак берилди.
Тадбирни “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жалолиддин домла Ҳамроқулов табрик сўзи ила очиб берди. Кейин Қуръон қироати ила тадбирга кириш қилинди.
Сўнгра ўқув ишлари бўйича проректор Ибодуллоҳ домла Аҳроровга табрик учун сўз берилди. Домла байрам билан барчани қутлаб, тадбирни ташкиллаштирган “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси жамоасига институт номидан миннатдорчилик билдириб ўтдилар.
Навбат тадбирнинг бадиий қисмига етиб келиб, унда “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси талабалари томонидан тайёрланган турли хил шеърлар, саловотлар, нашидалар ва саҳна кўриниши намойиш этилди.
Тадбир жуда ҳам гўзал ва кўтаринки тарзда давом этар эди. Сўнгра талабалар томонидан етказилган Қуръон хатмлари ва саловотлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га бағишланди.
Тадбир сўнгида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жалолиддин домла Ҳамроқулов томонидан барча тадбир қатнашчиларига совғалар улашилди.
Кейин тадбирнинг барча қатнашчилари ифторлик дастурхонига таклиф қилинди. Ифторликдан сўнг барча қатнашчилар мамнун ҳолда тарқалдилар.
Элёржон Ахматқулов
Таҳфизул-Қуръон кафедраси кабинет мудири