islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижарага автомобиль беришни ваъда қилувчи корхоналарнинг Ислом молияси жиҳатдан таҳлили

Ўзбекистонда сўнги бир йил давомида ижарага ёки муддатли тўлов асосида автомобиль сотишни ваъда қилиб аҳолидан пул қабул қилиб, сўнг пулларни ўзлаштирилиб юборган бир неча ҳолатлар юз берди. Улардан энг йириги “Авто 60 ой” 19,3 минг нафар фуқароларнинг жами 54,3 млрд сўм миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбланмоқда. Шунингдек, юзлаб одамлар Avto Rental ва Super Almaz Avto корхоналари томонидан алданганлиги маълум қилинганди. Сўнги хабарларга кўра, автомобиллар бўйича навбатдаги фирибгарлик ишида Auto Makon корхонаси иштирок этган ва улар таклиф қилган баъзи шартлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган. Ушбу мақолада бизга маълум бўлган ушбу шартларнинг ислом молияси қоидаларига қанчалик мослиги ва улардаги муаммоларни ёритишга ҳаракат қиламиз.

“ИИББ хабарида қайд этилишича, шартномада автомобиль етказиб берилиши керак бўлган сана ҳам, қолган пулларни тўлаш муддати ҳам кўрсатилмаган”.
Шартномада автомобиль етказиб бериш санаси ва тўлов муддатини кўрсатилмаганлиги ислом молиясида тақиқланган ғарарнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, харидорлар сотувчида мавжуд бўлмаган мулкка пул тўлаганлар, бу эса ўзи эгалик қилмаган нарсани сотмаслик қоидасига зиддир. Ундан ташқари, ушбу битимда ёлғон ва алдов яққол кўриниб турибди.

Демак, ушбу битимда шу даражада кўп ва қўпол хатолар мавжудки, улардан исталган бирортасининг мавжудлиги ушбу шартномани ислом фиқҳи нуқтаи назаридан ботил (кучга эга эмас) қилиши мумкин.

“Улар менга 6 ой муддат ичида машинани олиб чиқиб беришлигини айтишди”. Савдо қилинаётган мулк сотувчи тасарруфида мавжуд эмаслиги шартномани ботил қилади.

“Автомашина сотиб олиш учун рўйхатга туриш тўғрисида шартнома имзолаши ва ҳар битта шартнома имзолаганлиги учун жамиятнинг хизмат ҳақи сифатида 12 миллиондан 19 миллионгача бўлган пул маблағларини ҳар битта фуқародан қабул қилиб келишган”.
Рўйхатга олиш учун комиссия тўловларини олиш мумкин эмас ва ислом молияси жиҳатдан фосид (бузуқ, ношаръий сифатга эга) шарт ҳисобланади. Чунки рўйхатга қўйиш ҳақ ундиришга арзийдиган сайъ-ҳаракат ҳисобланмайди. Ҳар бир ундириладиган комиссия тўловлари бирор аниқ ва харидор учун манфаат олиб келадиган меҳнат эвазига олиниши мумкин.

“Avto 60 oy компанияси фаолиятдан кўрилган зарарнинг умумий миқдори 57,4 млрд сўмга (6 млн долларга яқин) баҳоланмоқда”.
Ислом молияси тамойилларига риоя қилиш бизни кўп молиявий муаммоларга дуч келишимизни олдини олади, аммо афсуски кўпчилик инсонлар ўзлари истаган нарсаларни тезда ва енгиллик билан қўлга киритишга интилишади (буни қайсидир маънода очкўзлик ҳам дейиш мумкин) ва бунда уларнинг кўзлари “кўр”, қулоқлари “кар” бўлиб қолади. Фирибгарлар эса уларнинг мана шу ҳолатидан фойдаланиб уларни ўз “қармоқларига” илинтиришади. Ислом динида муомалага лаёқатли инсон оқил (ақл-идрокли) бўлиши лозим, ҳар бир масалада, айниқса молиявий масалаларда мулоҳаза билан, иложи бўлса тажрибали одамлар билан бамаслаҳат иш тутиши керак. Агар ҳамма мана шундай мулоҳазакорлик билан иш тутса, турли битим ва шартномалар тузиш пайтида кўзларини каттароқ очишса турли қаллобларнинг тузоғига тушушдан сақланган бўлардилар.

Манба

171441cookie-checkИжарага автомобиль беришни ваъда қилувчи корхоналарнинг Ислом молияси жиҳатдан таҳлили
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: