islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нажот топувчи тоифа кимлар?

❓Савол: Баъзилар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан нажот торувчи тоифа ким, деб сўралганида У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – деганлар. шундан келиб чиқиб, Аҳли сунна вал жамоа бу – саҳобаларнинг йўлларидан юрган кишилардир. Шу гап тўғрими? Ундай бўлса, биз саҳобаларни йўлини қаердан биламиз? Уларга қандай эргашамиз?

💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Саҳобалар тўғри йўлда бўлишгани шубҳасиз ҳақ гап. Уларнинг ҳидоятда бўлганларига Расулул алайҳиссаломнинг гўзлари гувоҳлик берганлар. Ҳижрий учинчи ва тўртинчи асрларга келиб Ислом уммати пароканда бўлиб, фирқачилик ва тарфкашлик авж олган бир пайтда мусулмонларни саҳобаларнинг йўлларига бирлаштирган имомлар бу — Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийдирлар. Шунинг учун ҳам ушбу икки имомдан кейин келган уламолар ҳақли равишда Абу Мансур Мотуридийни “Имоммул ҳуда” (Ҳидоят имоми), Имом Ашъарийни “Носируд-дин” (Динга нусрат берувчи) деб улуғлашган. Ушбу икки буюк имомнинг ақидавий қарашлари минг йилдан ортиқ давр мобайнида мусулмонларни ўзаро якдил ақидада бирлаштириб келган.
Ҳадис илмидан маълумки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини турли ривоятлар бир-бирини изоҳлаб, тўлдириб келади. Саволда зикр қилинган ҳадисни эса қуйидаги ривоятлар тўлдиради.

عن أنس بن مالك قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إن بني إسرائيل افترقت على إحدى وسبعين فرقة وإن أمتي ستفترق على ثنتين وسبعين فرقة كلها في النار إلا واحدة وهي الجماعة

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Бани Исроил етмиш бир фирқага бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш икки фирқага бўлинади. Уларнинг биттасидан ташқари ҳаммаси дўзахдадир. Ўша биттаси жамоатдир”, – дедилар.
Бошқа ривоятда:
“Албатта Бани Исроил етмиш бир фирқага бўлиниб кетганлар. Бу уммат уларга бир фирқа кўп бўлади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Фақат Саводул аъзам бундан мустасно”, дейилган (Имом Табароний ривояти. Ибн Ҳажар Ҳайсамий “исноди саҳиҳ”, деган).
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносига тўғри келади.
Эътибор берилса, ушбу икки ривоятда ўша нажот топувчи тоифа “улкан жамоат” экани таъкидланмоқда. Энди ўринли савол туғилади: Ислом тарихида милярдлаган мусулмонларни ўзида жамлаган энг катта жамоат қайси эди? Мўътазилами? Жаҳмийями? Ёки пайдо бўлганига ҳеч қанча вақт бўлмаган ва ҳозирдан ўзаро ихтилофлашишни бошлаб юборган салафийларми?! Йўқ! Ислом умматини ҳозирда ва ҳозирга қадар жамлаб келган катта жамоат – айнан Мотуридийлар ва Ашъарийлар ҳисобланишади. Бу Ислом тарихидан барча учун маълум бўлган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам ақоид илмининг машҳур олимларидан бири Имом Ҳасан ибн Аби Азаба “Равзатул баҳийя” китобларида: “Аҳли сунна вал жамоанинг асоси икки йирик олимга бориб тақалади: бири, Имом Абул Ҳасан Ашъарий бўлса, иккинчиси Имом Абу Мансур Мотуридийдирлар. Ушбу икки имомдан қайси бирига эргашган киши борки, ақидасидаги фасоддан, адашишдан саломат бўлибди ва ҳидоят топибди”, деганлар.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий — машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир”.
Хулоса, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳумаллоҳнинг илмий салоҳияти жуда юқори бўлиб, барча уламолар бир овоздан Аҳли сунна вал жамоанинг имоми деб эътироф этишган. У зотлар динимизнинг соф манбалари саҳобалар, тобеъинлар ва таба тобеъинларга жуда яқин даврда яшашган ва уларнинг илмларидан баракали фойдаланишган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

174711cookie-checkНажот топувчи тоифа кимлар?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: