Бугун 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида “Сарҳисоб” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИнинг muslim.uz сайти хабар бермоқда.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ҳар йили ташкил этилмоқда.
Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди, яъни унинг ҳудудий босқичлари ҳам ўтказилди. 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 октябргача газета ва журналларда босилган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўрсатилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материаллар танловда иштирок этди. Ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилди. Республика босқичи ғолиблари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар орасидан сараланди.
Тақдирлаш маросими олдидан якунланиб бораётган йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар акс этган видеоролик намойиш этилди.
Сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари, бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар кечаю кундуз, тиним билмай кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этдилар. Танлов ғолибларига тақдим этилган совғалар рамзий экани, энг олий мукофот эса Яратган Парвардигорнинг ҳузурида бўлишини қайд этиб ўтдилар.
Шундан сўнг, телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар қуйидаги йўналишлар бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирландилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ғолибларни қутлар экан, танловнинг бугунги кундаги аҳамияти, ижод аҳлининг самарали меҳнати ва уларни рағбатлантиришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, ҳар бир мавзуни ўзининг профессонал мутахассислари ёритиши ҳақида гапириб, бу борада диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар жуда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у Президент Ш.Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилиш мазмун-моҳияти ҳақида гапириб ўтди. Хусусан, давлат раҳбарининг буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш борасидаги таклифларига алоҳида тўхталди.
Қуйидаги йўналишлар бўйича “Сарҳисоб – 2017” танлови ғолиблари аниқланди:
Матбуот йўналиши бўйича:
1-ўрин Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби);
2-ўрин Муҳтарама Улуғова (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
3-ўрин Жаҳонгир Жўраев (Дин ишлари бўйича қўмита ходими).
Телевидение йўналиши бўйича:
1-ўрин Ҳайитов Шуҳрат (“Ўзбекистон” телеканали “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” бош муҳарририятининг бош муҳаррири);
2-ўрин Уйғун Ғофуров (Тошкент ислом институти ректори);
3-ўрин Илҳом Маърупов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
Интернет йўналиши бўйича:
1-ўрин Раҳматулла Сайфуддинов (Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси);
2-ўрин Олимхон Юсупов (Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби);
3-ўрин Зоир Сидиқов (Тошкент шаҳар вакиллиги ходими).
Радио йўналиши бўйича:
1-ўрин Шамсиддин Бауатдинов (Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири);
2-ўрин Хайрулло Турматов (Тошкент вилояти бош имом-хатиби);
3-ўрин Фарҳод Абдуллаев («Зиё» медиа маркази вакили).
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси:
1-ўрин Раҳимберди Раҳмонов (диний идора Масжидлар бўлими мудири);
2-ўрин Нозима Ибрагимова (“Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси);
3-ўрин Дамин Жумақулов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири).
Тошкент ислом институти жамоаси танловда ғолиб ва совриндор бўлган диний таълим муассасалари раҳбарлари Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти мудири Шамсиддин Бауатдинов ва “Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси Нозима Ибрагимовани муборакбод этиб, илмий-маърифий йўлда олиб бораётган хайрли ишларига улкан зафарлар тилайди.
“Сарҳисоб” танловининг якуний босқичига бағишланган тадбир ЎМИнинг ижтимоий тармоқдаги https//:facebook.com/muslimuzportal саҳифаси орқали онлайн шаклда намойиш қилинди.
Администартор