islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Энг яхши ва энг ёмон инсон

عَنْ عَبْدِ الرّحْمَنِ بنِ أَبِي بَكْرَةَ عَنْ أَبِيهِ: “أَنّ رَجُلاً قَالَ يَا رَسُولَ الله أَيّ النّاسِ خَيْرٌ؟ قَالَ مَنْ طَالَ عُمُرهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ. قَالَ فَأَيّ النّاسِ شَرّ؟ قَالَ: مَنْ طَالَ عُمُرهُ وَسَاءَ عَمَلُهُ”.

Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар. У: “Инсонларнинг қайсиниси ёмон” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умри узоқ бўлиб, амали ёмон бўлгани” – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Саҳобий розияллоҳу анҳумлар Ислом шарафига эришгач, дин ва дунёси учун муҳим бўлган амалларга алоҳида эътибор берганлар. Ҳар икки дунёлари учун фойдали нарсаларни билиб ўрганиб уларга амал қилишга ҳамда зарарли нарсалардан хабардор бўлиб, улардан узоқ бўлишга интилганлар. Уларнинг мана шу қизиқиш ва интилишлари уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Энг афзал амал қайси?”, “Кимга кўпроқ яхшилик қилай?”, “Нима қилсам жаннат аҳлидан бўламан?”, “Жаннатга сабаб бўладиган амаллар қайсилар?”, “Инсонларнинг энг яхшиси ким?” каби саволларни беришга ундар эди. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир саҳобийнинг ёши, ҳолати, имкониятига қараб ёки Исломга янги кирганлигини ҳисобга олган ҳолда жавоб берар эдилар.

Ушбу ҳадисда ҳам бир саҳобий Пайғамбаримиздан “Энг яхши инсон қандай бўладию, ёмон инсон қандай бўлиши” ҳақида сўради. Пайғамбаримиз унга жавобан узоқ умр кўриб ўша узоқ умри давомида яхши солиҳ амалларни кўп-кўп қилиб, натижада савобларини кўпайтириб олган киши инсонларнинг энг яхшиси бўлишини айтдилар. Ўз ўрнида узоқ умр кўришдек имкониятдан тўғри фойдаланмасдан бутун умрини ёмонлик билан ўтказган инсон энг ёмон инсон бўлиб қолишини таъкидладилар. Пайғамбаримиз ушбу жавоблари билан инсон ҳаётининг мазмунини белгилаб бердилар.

Дарҳақиқат инсон ҳаётга келар экан қачон, қаерда, қайси ҳолатда вафот этишини билмайди. Зеро, узоқ ёки кам умр кўриш Аллоҳдан бўлиб, инсоннинг ихтиёрида бўлмаган ишдир. Чунки умрлар Аллоҳнинг қўлидадир. Инсоннинг имконида бори эса, ўша умрида яхши амал қилиб қолишидир. Чунки Аллоҳ таоло инсонга ақл берган, китоблар нозил қилган, Пайғамбарлар юборган, далилларни баён қилган. Ҳар бир инсоннинг солиҳ амал қилишга имконияти бор. Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи солиҳ амаллар инсоннинг умри узайишига сабаб бўлишини айтганлар. Анас ибн Молик Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда: “Ким ризқи кенг умри узоқ бўлишини хуш кўрса қариндошларига яхшилик қилсин” – дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Инсонларнинг яхшиси умри узоқ бўлиб, амали гўзал бўлгани экан, доимо, Аллоҳдан умри узоқ, амали солиҳ бўлган бандалардан қилишини сўраши лозим. Мана шундан яхши амалларсиз кўрилган узоқ умрда инсон учун яхшилик йўқлиги маълум бўлади. Чунки гоҳо узоқ умр инсон учун ёмон ва зарар бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабдан баъзи уламолар Аллоҳдан қуруқ узоқ умр эмас, балки тоат ибодатда яхши амаллар узра ўтадиган узоқ умрни сўраши лозим бўлади, дейишган.

Тийбий раҳматуллоҳу алайҳ инсон умридаги лаҳзаларни тижоратчининг сармоясига ўхшатиб шундай дейди: Албатта, лаҳзалар ва вақтлар тижоратчининг сармоясига ўхшайди. Тижоартчи фойда кўрадиган ишларида тижорат қилади. Сармояси қанча кўп бўлса, кўрадиган фойдаси ҳам шунча кўп бўлади. Ҳудди шу каби инсон ҳам умридан яхши амаллар қилиб фойдаланиб қолса, муваффақиятга эришади. Ким (вақтини) сармоясини зое қилса, фойда кўрмай очиқ зиёнда қолади.

Мусулмон инсон ўлимни орзу қилмайди. Чунки у ўзига берилган узоқ умрни яхши савобли  ишлар қилишга имконият деб қабул қилади. Умрини  ўзининг яхши ишлари билан халқига, динига ва ватанига фойдаси тегадиган тарзда ўтказади. Натижада, Аллоҳнинг розилигига, халқининг дуосига эришиб, охиратда ҳам юзи ёруғ бўлади.

Аллоҳ барчаларимизни узоқ умр кўриб, ўша узоқ умр давомида яхши амалларга муваффақ қилишини ҳамда оқибатларимизни ҳам гўзал бўлишини насиб қилсин.

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Фарҳод Жўраев

215870cookie-checkЭнг яхши ва энг ёмон инсон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: