Буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар», – дея марҳамат қилганлар.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовнинг 2018 йил 17 январдаги топшириғига асосан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам 20-30 январь кунлари Ўзбекистон мустақиллигининг асосчисига бағишлаб 8 та тадбир амалга оширилди:
-
80 марта Қуръони карим хатм қилинди. Тошкент ислом институти устоз ва талабалари томонидан 80 марта Қуръони карим хатм қилинди ва савоби халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримов руҳониятларига бағишланди (29.01. 2018).
-
Шайх Абдулазиз Мансур иштирокида давра суҳбати. Институт талаба қизлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур иштирокида “Динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган инсон ёди” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди (25.01. 2018).
- Ислом Каримов асарлари ва дин ҳақидаги сўзлари кўргазмаси. Ахборот-ресурс маркази томонидан институт фойесида “Ислом Каримов – мустақиллигимиз асосчиси” мавзусида И.А.Каримовнинг 61 номдаги 103 та асарлари ҳамда дин, маънавият ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги сўзлари намойиш қилинди (23-30.01.2018).
- Профессор Убайдулла Уватов иштирокида учрашув. 2-3 курс талабалари учун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов иштирокида “Буюк карвонга – муносиб сарбон” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди (27.01. 2018).
- Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуага ташриф. Институт талабалари ва мураббийлари «Оқсарой» қароргоҳида ташкил этилган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуага ташриф буюрдилар. Талабалар ташриф жараёнида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.
- “Энг яхши иншо” танлови. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишга, миллий давлатчилигимизни қуришга қўшган улкан ҳиссаси ва унинг тарихий ролини абадийлаштириш мақсадида талабалари ўртасида “Энг яхши иншо” танлови ўтказилди (23.01.2018). Мазкур танлов ғолиблари 29 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тантанали тақдирланди:
1-ўрин – 4-А гуруҳ талабаси Тоштемиров Ҳикматилла Юсупович;
2-ўрин – 1-Б гуруҳ талабаси Ҳакимуллаев Муҳаммадсодиқ Закриё ўғли;
3-ўрин – 1-Д гуруҳ талабаси Маҳкамов Муҳаммад Али Мухиддинжон.
Қизлар ўртасида эса қуйидаги талабаларнинг иншолари энг яхши деб топилди:
1-ўрин – 1-З гуруҳ талабаси Атаджанова Ёқутхон Маъруфжон қизи;
2-ўрин – 2-В гуруҳ талабаси Ахмедова Муаттар Абдуқаюм қизи;
3-ўрин – 1-З гуруҳ талабаси Нурматова Ирода Шавкат қизи.
Танлов ғолиблари Тошкент ислом институти ректорининг махсус дипломи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
- Профессор Аҳаджон Ҳасанов иштирокида учрашув. 1-курс талабалари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, тарих фанлари доктори, Тошкент ислом университети профессори Аҳаджон Ҳасанов иштирокида “Буюк йўлбошчимиз хотираси мангу барҳаёт” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди (29.01. 2018).
8. Маънавият ва мураббийлик соатлари. 22-29 январь кунлари барча курс талабалари гуруҳларида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб “Ёди ҳамиша ёдда” мавзусида маънавият ва мураббийлик соатлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларга Ислом Каримовнинг ибратли умр йўли, самарали раҳбарлик фаолияти, Ватанимиз олдидаги фидокорона меҳнати, энг оғир дамларда ҳам фарзандлик бурчини муносиб адо этгани, халқимизнинг орзу-умидлари ва эртанги куни учун яшаган чин ўзбек фарзанди бўлганлиги, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозониб, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдиргани ҳақида маълумотлар берилди.
ТИИ ректори Уйғун Ғафуров