islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имконияти чекланган аёллар учун Ислом дини асосларини ўрганишга имконият яратилди

31 январь куни Тошкент шаҳар Аёллар маслаҳат марказида эшитиш ва гапириш бўйича имконияти чекланган аёллар учун илмий-маърифий учрашув ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИ сайти хабар бермоқда.

Учрашувда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ўролназар Мустанов маъруза билан иштирок этди. Ў.Мустанов ислом динининг дунё ҳаётидаги энг мукаммал, Аллоҳнинг ўз ҳимоясида бўлган дин экани; Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу динни умматларга ёйишда сўзлари, хатти-ҳаракатлари, амаллари билан кўрсатган ибратлари ва у зотнинг бу қутлуғ йўлдаги жасоратлари, фидойиликлари, садоқатлари, сабру бардошлари ҳақида кенг қамровли маъруза қилди.

Таъкидлаш жоиз, Тошкент шаҳар Аёллар маслаҳат марказида кейинги бир йил давомида ҳар ҳафтада икки мартадан диний-маърифий мавзуларга суҳбатлар, мулоқотлар ўтказиш анъана бўлиб қолди. Унда кўпчилик опа-сингилларимиз қизиқиш ва ихлос билан қатнашмоқдалар. Шаҳар отинойилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳар куни бу ерда улардан бири навбатчиликда бўлади, диний-маърифий масалаларда савол билан келганларга жавоб, маслаҳат берадилар.

Имконияти чекланган аёллар билан ўтказилган бугунги тадбир ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги хайрли ишлардан биридир.

Бир вақтнинг ўзида сурдо таржимаси билан олиб борилган маъруза ўзларига жуда манзур бўлганини иштирокчилар эътироф этдилар.

Администратор

24940cookie-checkИмконияти чекланган аёллар учун Ислом дини асосларини ўрганишга имконият яратилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: