islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ниятнинг аҳамияти

Ният солиҳ амални бошқа амаллардан ажратиб берувчи нарсадир. Агар ният тўғри бўлса, банданинг амали ҳам солиҳ амал бўлади, агар ният нотўғри ва хато мақсадда бўлса, амал ҳам шунга яраша бўлади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир”, деганлар (Саҳиҳи Бухорий)

Ниятнинг аҳамияти шундан иборатки, у билан одат билан ибодат ажратиб, фарқлаб олинади. Бунга мисол: масжидда ўтириш, агар дам олиш нияти билан ўтирилса, оддий одатий иш бўлади, эътикофни ният қилиб ўтирилса эса, ибодатга айланади. Ғусл ҳам худди шундоқ, яъни фақат покланиш ният қилинса, одатий иш бўлиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ният қилинса, ибодатга айланади.

Ният одат билан ибодат орасини ажратиш билан бирга ибодатларни бир-биридан ажратиш учун ҳам муҳимдир. Масалан бир кишининг ўқиган тўрт раъкат намози пешин намозининг тўрт раъкат фарзи ҳам, тўрт раъкат суннати ҳам бўлиши мумкин. Ният қай бири мақсад қилинганини таъйинлаб беради. Рўзада ҳам шундай, фарз ҳам нафл ҳам бўлиши мумкин, қайси бири қасд қилинганини ният орқали белгиланади.

Ният сўзи луғат жиҳатдан қандай нарсага бўлса ҳам азм қилиш, қасд қилишга ишлатилади. “Ният қилди” деган сўз “мақсад қилди”, “қарор қилди” маъноларига далолат қилади.

Ният сўзининг таърифида ирода маъноси ҳам бор. Фиқҳий истилоҳда эса фуқаҳолар ниятга бир неча таърифлар берганлар. Ибн Обидийн Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ ният — Аллоҳ таолога тоат, ибодат ва қурбат ҳосил қилишни феъл билан қасд қилиш, деб таърифлаганлар. Моликий мазҳаби уламолари эса, ниятга мукаллафдан буюрилган иш борасида содир бўладиган қасддир деб таъриф берганлар.Баъзи шофеийлар эса фарз ёки бошқа амалларни бажариш асносида қалбда бўладиган азм-у қатъиятдир, деганлар.

Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Имом Буҳутий ният Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишни истаб, ибодатни адо этишга қалбнинг азм-қарор қилишидир, деб таърифлаганлар.

Ният фақатгина қалбда бўлади. Ният Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзаки ошкора айтишни жорий қилмаган ўринларида махфий айтилаверади. Уламолардан ниятни махфий қилиш мустаҳаб деган, қавллар ҳам бор. Демак, ҳар қандай ҳолатдан қатъий назар ниятларимизни гўзал қилишимиз лозим, чунки у амалларимизга бевосита таъсир қилади.

Тошкент ислом институти

403-гуруҳ талабаси Исоқжонова Муҳсина

257870cookie-checkНиятнинг аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: