islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

3,5 миллион долларлик Каъба эшиги

Байтуллоҳнинг эшиги (باب الكعبة) шарқий деворда жойлашган. Маълумки, Каъба Иброҳим алайҳиссалом томонидан қурилган. Баъзи манбаларга кўра, Байтуллоҳ қурилган ўша пайтларда Каъбанинг эшиги бўлмаган, шарқий деворда Байтуллоҳга кириш ва чиқиш учун очиқ дарвоза бўлган, дейилади.


Ибн Ҳишом ва бошқа тарихчиларнинг маълумотига кўра, тахминан милодий 350 йилда Каъбага илк бор шоҳ Тубба (милодий 430 йилда вафот этган) томонидан эшик ўрнатилган.
Буни тасдиқловчи маълумот Азроқийнинг (837 йилда вафот этган) “Ахбари Макка” (Макка ҳақидаги хабарлар) асарида Ибн Жарир Табарий томонидан зикр қилинган ривоятда “Тубба Каъбани биринчи бўлиб эшик билан ёпган, деган маълумотни ёзади. Шу билан бирга, Тубба Журҳум қабиласи бошлиқларига Каъба ичини тоза сақлаши ҳамда унга эшик ва калит ясашни буюрган. Тубба томонидан ясалган ёғочли эшик Исломдан олдинги ва илк рисолат даврида ҳам Каъбани беркитиш ва кириб-чиқиш учун фойдаланилди. Мазкур эшик Абдуллоҳ ибн Зубайр 684 йилда (ҳижрий 64 йил) янги эшик ясамагунча, ўзгармай турди.

 

Усмонлилар даври

Каъбанинг энг кўп фойдаланилган эшиги Султон Мурод IV даврида ўрнатилган. Каъбанинг бу эшигини ясаш ишлари милодий 1629 йил октябр ойида бошланиб, 1630 йил март ойида (ҳижрий 1040 йилда) якунига етди. Худди шу эшик шарқий деворда 300 юз йилдан кўпроқ вақт давомида, 1947 йилда қирол Абдул Азиз янги эшик ўрнатгунча фойдаланилди. Мисрлик ҳунарманд усталар томонидан ясалиб, нақшлар учун 76 кг кумуш, қолган қисмидаги безаклари учун Бенедикт олтин ишлатилди. Ҳозирда ушбу Усмонлилар эшиги Абу-Дабида ўтказиладиган Лувр музейининг “Арабистон йўллари” кўргазмасида намойиш этилмоқда. Эшик кўргазмага Ар-Риёддаги Миллий музей томонидан берилган.

Биринчи Саудия эшиги

Саудия ҳукумати давридаги биринчи эшик қирол Абдул Азиз даврида ўрнатилган бўлиб, асоси алюминийдан, олтин ва кумуш билан қопланган темир панжаралар билан мустаҳкамланган эди. Аммо эшик қулфи 1891 йилда ясалган эди. Саудия ҳукумати даврида Каъба эшиги икки марта ўзгартирилган, бири саудларнинг Масжидул Ҳаромдаги илк кенгайтириш ишларини амалга оширганда, иккинчиси эса, масжиднинг иккинчи кенгайтириш ва таъмирлаш пайтида ўрнатилган. Байтуллоҳнинг бу эшиги бор-йўғи ўттиз йил хизмат қилган ва ҳозир “Ҳарамайн архитектураси” кўргазмасида сақланади.

Иккинчи Саудия эшиги

Ҳозирги эшикни подшоҳ Холид ибн Абдулазиз буйруғи билан заргар Аҳмад ибн Иброҳим Бадр томонидан олтиндан ясалган. Эшикларда ишлатилган олтин миқдори тахминан 280 кг, сифати 99,99. Унинг умумий қиймати олтинни ҳисобга олмаганда 13 миллион 420 минг Саудия риёлини, яъни 3 576 629 долларни ташкил этди. Ушбу эшик 1979 йил 13 октябрда ўрнатилган ва ҳозиргача ишлатилади. Марҳум қирол Холид ибн Абдул Азиз ас-Сауд томонидан тақдим этилган мазкур эшик дунёдаги энг кўп олтин сарфланган ва қиммат эшик ҳисобланади.


Тарихий манбаларга кўра, Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан Каъбани қурганда, унда иккита дарвоза қилди. Бири шарқий деворда, яъни ҳозирги кунда фойдаланиладиган эшик, иккинчиси ғарбий деворда. Шарқий томон кириш учун, ғарбий томондагиси эса чиқиш учун ишлатилган. Милодий 608 йилда Қурайш Каъбани қайта қурганда, улар ғарбий дарвозани ёпиб ташладилар.


Каъба эшигини безакли парда (ستارة باب الكعبة) тўсиб туради, у Кисванинг бир қисмидир (كسوة الكعبة, Байтуллоҳ ёпинчиғи). Кисва ва эшик пардаси ҳар йили Зулҳижжа ойининг 9-кунида, зиёратчилар Ҳаж вақтида Арафот тоғига кетганларида, матоф одамлардан бўшаган вақтда янгисига алмаштирилади. Каъба эшиги пардаси Қуръон оятлари ва дуо ёзувлари билан безатилган. Яқинда Кисва пардаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига совға қилинди ва парда ташкилотнинг Индонезия залига осиб қўйилди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси катта

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

282781cookie-check3,5 миллион долларлик Каъба эшиги

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: