islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳад талабалари Рамазон ҳайитини оила даврасида нишонлайдилар

Тошкент ислом институти талабалари билан Рамазон ҳайити арафасида қатор учрашувлар ўтказилди. Ҳилол кўриниши билан Рамазон ҳайити эълон қилингач, юртимизда байрам муносабати билан 4-5 кунлик дам олиш кунлари жорий этилади.

Талабалар ҳам шу кунлари ўз уйларида оила даврасида Ийдул фитрни нишонлаб, дам оладилар. Юртимизнинг турли ҳудудларидан пойтахтга келиб ўқиётган талабалар уйларига кетиши олдидан устоз ва мураббийлари билан учрашиб улардан зарур тавсияларни олдилар.

Ҳаво, темир йўл ва автотранспорт орқали сафарга чиқишда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, уйга борганда кўпроқ оила ва қариндошлар даврасида бўлиш, байрамни кўтаринки кайфиятда, мазмунли ўтказиш ҳамда зарур дарсларни такрор қилиш каби тавсиялар берилди.

“Рамазон-2022” Тошкент ислом институтида кўтаринки руҳда ўтди. Рамазон ойи давомида институт асосий биноси талабалар турар жойи ҳамда “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида истиқомат қилувчи талабаларига ҳомийлар томонидан саҳарлик ва ифторлик дастурхонлари ёзилди, институтнинг Намозгоҳ масжидида устоз ва талабалар иштирокида таровеҳ намозлари ўқилди. Талабалар ифторликларда устозларнинг илмий-маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар.

Қори талабалар Тошкент шаҳар ва вилояти масжидларида хатми Қуръонга ўтдилар. Масжидларда хатмга ўтаётган қориларга мунтазам равишда Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозлари Ж.Неъматов, З.Маҳмудов, А.Рашидов, Ж.Рўзиев томонидан керакли тавсия ва кўрсатмалар бериб борилди.

4-курс талабаси Исмоил қори Матёқубов ва 1-курс талабаси Исломжон қори Аъзамжонов Олий маъҳаднинг Намозгоҳ масжидида устозлари ва сабоқдошлари ҳузурида таровеҳ намозларида Қуръонни хатм қилдилар.

Рамазон ойи давомида талабалар учун 30 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди. Рамазон ойи муносабати билан “Хуш келдинг рамазон!”, “Закот – молиявий ибодат”, “Нафс тарбияси – икки дунё саодати”, “Қадр кечасининг фазилати”, “Рамазон рўзаси ҳақида фиқҳий масалалар”, “Рамазон рўзасини ният қилиш” каби туркум суҳбатлар ташкил этилди.

Рамазон ойи давомида институт раҳбарияти, ҳамшираси ва мутахассислар талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабаларнинг кайфияти ва соғлигидан домий равишда ҳабардор бўлиб, мулоқот қилиб, тиббий кўрикдан ўтказдилар.

Саховат ойи бўлмиш Рамазонда бир қанча талабаларнинг контракт қарзлари Олий маъҳад томонидан эълон қилинган “Закот акцияси” орқали ҳомийлар кўмагида тўлаб берилди.

ТИИ Матбуот хизмати

296810cookie-checkОлий маъҳад талабалари Рамазон ҳайитини оила даврасида нишонлайдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: