islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Либос – одам зийнати

       Либос – одам зийнати. Даврлар, замонлар янгилангани сари либослар ўзгариб боради. Бир-биридан ранг-баранг, узун-калта, тор-кенг, дабдабали-кўримсиз, қиммат-арзон либослар кўп. Кўпчилик учун бу либосларнинг ярашгани, ўзига муносиблиги, ёшига, қоматига, киядиган даврасига тўғри келиш-келмаслиги муҳим эмас. Янги чиққан кийим, албатта, кийилиши керак, тамом. Бу«Мода»нинг талаби .

      Сўнгги пайтларда ёшларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида жуда кўп гапириляпти. Уларнинг аксариятида ёшлар шаънига нисбатан кескин, эътирозли фикрлар билдирилаяпти. Айрим йигит-қизларнинг кўр-кўрона мода изидан қувиши, уларнинг кийиниши миллий анъаналардан узоқлашаётгани, тор, калта, очиқ кийимларга қизиқиш борган сари ортаётгани, бу одатлар ўзбекчиликка зидлиги танқид қилинмоқда. Албатта, бундай муносабатда жон бор. Ҳақиқатан ҳам охирги вақтларда ёшларнинг кийиниши жуда ўзгарди. Бундай вазият кишини ўйлантиради.

      Аввало, кийим-кечак инсон ҳаётида қандай рол ўйнайди? Ҳар бир инсон ўзи кияётган кийимнинг фойда-зарарини, қандай матодан тикилганини, керак бўлса, тарихи ва аҳамиятини билиши лозим. Ҳеч ким ҳеч қачон тўғри келган матони устига илиб кетавермайди. Кийинишнинг инсон руҳияти, феъл-атвори, кайфияти, тарбияси, дид-фаросати билан боғлиқ жиҳатлари бор. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кийиниш, шунингдек, урф ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Кишилик жамиятида кийим-либос қачон пайдо бўлганлиги ҳақида якуний тўхтамга келинмаган.

     Дастлаб тери ва жундан мато тўқиш ва тикишни ўрганган одамзод, кейинчалик пахта ва ипак толаларининг пайдо бўлиши билан либосларга қулайлик ва гўзаллик бахш этди. Демак, инсон тафаккурининг ривожланиши унинг либосига ҳам маданийликни олиб кирди.

     Аждодларимизнинг кийиниш маданиятига назар солсак, либослари, зебу зийнатлари ўзига хос, ранг-баранг бўлганлигини кўрамиз. Умуман, ҳар бир давр либоси—ўша замон маданиятининг маълум маънодаги кўзгуси ҳисобланган. Яъни, либосга қараб ҳар бир давр кишиларининг кийиниш одоби, маданияти хусусида фикр юритиш мумкин. Қолаверса, бир мамлакат ёки миллатнинг кийиниш маданиятида бошқа бир халқ маданиятининг таъсири, албатта, сезилади.

     Вақт ўтиб, фақат либосларгина эмас, шу билан бирга бош кийим, пойабзал, зебу- зийнатлар, соч турмаклаш, пардоз қилиш — ҳаммаси биргаликда костюм ансамблига айланди. «Костюм» сўзи француз тилидан олинган бўлиб, инсон ташқи кўринишининг, кийинишнинг бутун бир тизимини англатади. Ана шу костюмлар бугунги кунда маълум шахслар, ижодкорлар, яъни либос дизайнерлари томонидан тайёрланади. Ҳозирги пайтда либослар саноати билан шуғулланувчи машҳур компанияларининг маҳсулотлари дунё бозорида энг юқори ўринларни эгаллайди.Уни урфга, одатда эл назарига тушган кишилар, яъни кийим намойиш қиладиган машҳур артистлар, қўшиқчилар, спортчилар олиб кирадилар. Бошқалар, айниқса, шундай кишиларнинг ихлосмандлари ўз-ўзидан уларга эргашадилар. Қарабсизки, ўша кийим русуми кўчага чиқади, тарқалади ва тез орада мухлислар томонидан ўзлаштирилади.

       Модани иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, тор доирада, яъни маҳалла, қишлоқ, шаҳар миқёсида ҳамда иккинчиси, кенг доирада мамлакат, дунё миқёсидаги модалар. Тор доирадаги либосларда миллий ўзига хослик устун бўлади. Кенг доирада, яъни бутун дунёда урф бўлган кийиниш маълум мамлакатда пайдо бўлса, унга бошқа мамлакатларнинг таъсири ҳам бўлади.

       Бугунги кунда турли мамлакатларда пайдо бўлаётган ҳар қандай либослар, костюмлар тез орада дунё миқёсида урфга айланяпти. Муаммолар умумийлашмоқда. Бу ҳодиса ўз навбатида маданиятга ҳам таъсир қилмай қолмайди.

       Бугунги ёшларимиз жуда қизиқувчан, янгиликка ўч. Улар ҳар бир воқеа-ҳодисани эътиборсиз қолдирмайдилар. Айниқса, дунёда пайдо бўлаётган модалар ҳамиша уларнинг диққат марказида.

      Демак, кийимнинг аҳамияти, мазмунини болаларимизга биз ота-оналар, устозлари тушунтиришимиз керак экан.

      Қайд этиш керакки, модаларнинг ривожланиши ва тарқалиш даражаси баланд. Энг қизиғи, модалар бир мамлакатдан иккинчисига эмас, балки бир пайтнинг ўзида дунёга тарқалаяпти. Балки уни қабул қилишда ҳам дид, фаҳм-фаросат ва билим зарурдир.

      Кўчадаги ёшларга эътибор берсангиз, масалан, қизларимиз эгнида тор шим, очиқ кофталар, узун-тор ёни очиқ, этаги кенг, калта юбкаларни кўпроқ кийишаяпти. Йигитларимиз эса оқ, қизил, алвон, яшил рангли шим, турли хил енги бор, енги йўқ майкалар, тиззасидан юқорида шортиклар кийишади. Муаммо шундаки, кўпчилик ёшларимиз қайси жойда қандай кийимни кийиш кераклиги, ўзининг бўй-бастига нима кўпроқ ярашиши мумкинлиги ҳақида ўйламайдилар ҳам.

      Агар ҳар бир инсон ўзининг бўйи, гавда ва юз тузилиши, сочи, кўзи, терисининг рангини, қоматига нима ярашишини билса, кўр-кўрона моданинг кетидан қувмайди. Қолаверса, бу соҳада уларга ёрдам берадиган мутахассислар бор. Улар янги мавсумий кийимларни реклама қилишда ёки модалар ҳақида матбуот, радио, телевидение орқали чиқишларида юқоридаги меъёрларни ҳисобга олиб тавсиялар берадилар.

      Ёшлар кийган кийимлари уларнинг муомаласи, юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, оғизларидан чиқаётган сўзларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Натижада, баъзан ноўрин сўзлар, хатти-ҳаракатлар жамоатчилик орасида норозилик кайфиятини уйғотади. Ҳар бир шахс оилада камол топади. Унинг атрофида тергайдиган ота-онаси, буви-бобоси, тоға-амаки ва амма-холаси бор. Аммо баъзан улар ўзлари ўртоқларидан қолмасин, деб қизларига тор шим, калта юбка ёки елкаси, қорни очиқ кийимларни кийишга изн бераётган экан, демак, бу борада фақат ёшларни айблаш адолатдан эмас. Қолаверса, маълум маънода оиладаги, мактабдаги муҳит ҳам бунга сабабчи. Айнан оиланинг ўзи шундай кийимларни кийишни, «замонавий» бўлишни талаб қилиши афсусланарлидир.

     «Мода»да кийинишга қарши бўлганлар жон куйдириб бундай ҳолатга чек қўйиш, ўқув муассасаларида тақиқлаш лозимлигини куйиниб айтадилар. Модани тақиқлаш мумкинми? Инсон табиатида тақиқланган нарсага қизиқиш кучли бўлади. Ота-онаси тақиқласа ҳам бола аввал шуни қилиб кўради. Ёмон томонига гувоҳ бўлгач, бу ишдан ўзини тортади. Ман қилишдан кўра ёшларга тушунтириш, уларнинг диди, фаҳм-фаросатини тарбиялаш кўпроқ ижобий натижалар бермайдими? Шундан кейингина танлаш ҳуқуқини ёшларнинг ўзларига қўйиш керакдир, балки. Муҳими, бу борада ота-оналар ҳам фарзандларини тушуниб, ўзларини уларнинг ўринларига бир зум қўйиб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Тўғри, инкор қилмаймиз, меъёр бузилган. Шу маънода, миллий либосларимиз ноёб намуна сифатида фақат маълум бир давраларда, айтайлик, байрамлар, тўйларда кийилади. Шунда ҳам замонавий тус берган ҳолда, албатта. Айниқса, бу пойтахтда жуда билинади.

       Ёшлик – гўзаллик. Бугунги ёшларимизнинг ғарб модасига муккасидан кетаётгани, улар миллий кийиниш анъаналарини унутдилар, дегани эмас. Ўзбегимизнинг миллий ифтихори бўлган атласга ҳамиша эътибор катта. У бизда ҳеч урфдан тушмайди. Шу билан бирга яқин-яқингача унутилган адрас, банорас, беқасам матолар яна урфга киряпти. Бу қувончли ҳол, албатта. Ҳозирда бу матога қизиқиш ортди. Замонавийлик ҳамда миллий уйғунлик акс этган андозаларда тикилган либослар қизларимиз ҳуснига яна ҳам кўркамлик бахш этади. Бу матоларни фақат тўю тантаналарда эмас, иш шароитлари учун ҳам мослаштириш ниятида мутахассисларимиз изланмоқдалар. Уларнинг намуналари ёшларимизнинг эгнида пайдо бўлганлиги ҳали бу борада янги-янги миллий либос русумлари яратилишига умид уйғотади.

       Фақат модада кийиниш замонавийликни билдирмайди. Замонавийлик аввало инсоннинг ички ва ташқи дунёсини замонга уйғунлаштириш демакдир. Шу маънода ҳар бир костюм, либоснинг ўз мазмуни бор. Унинг тўғри танланиши, атрофдагилар томонидан илиқ қабул қилиниши ҳам урфни белгилайди. Шу билан бирга кишининг кайфияти, қандай иш билан шуғулланишида ҳам костюм кийишнинг ўрни бор. Шу ўринда миллий меъёр масаласига тўхталмоқ жоиз, деб ўйлаймиз. Барча ривожланган давлатларда оиладан ташқари мактабда, ўқув юртларида инсоннинг турли давраларда ўзини тутиши, муомаласи, буюмларнинг ишлатилиши, ўзи учун муносиб кийимни танлаш борасида махсус билимлар берилади. Бизда бундай билимлар мактабларда «Одобнома», «Оила психологияси», олий ўқув юртларида «Этика», «Эстетика» сингари фанларда умумий ўргатилади. Ваҳоланки, бу фанларни ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Айтмоқчи бўлганимиз, ёшларнинг модага ружу қўйиши, очиқ-сочиқ кийинишини фақат танқид қилиш, ёмонлаш билан чекланиб қолмай, унинг олдини олиш чораларини, яхши томонга ўзгартириш йўлларини излаш лозим.

      Энг зарури, ана шу дидни, фаҳм-фаросатни тўғри тарбиялай билиш кишини безайди, янада хушсурат қилиб кўрсатади. Тарбиялайдиган эса, жамоатчилик, яъни сизу биз — барчамиз.

“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин томонидан маълумот тайёрланди.

302380cookie-checkЛибос – одам зийнати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: