islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтимоий тармоқлар касали

Инсон онги, қалби ва руҳиятига тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилаётган ғаразли кучлар ахборот хуружларини амалга оширишда энг таъсирчан воситалар сифатида интернет тизими ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланишмоқда. Айни пайтда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган миллий маънавиятимизга ёт ғоялар ва ахборот хуружларининг ёшлар томонидан қабул қилинаётганлиги ва унинг оқибатлари кишини ташвишга солмоқда.

Қайд этиш жоизки, бузғунчилик намоён бўлиш хусусиятларига кўра, тил, дин, эътиқод, ирқ, макон, халқ ва миллат танламайди. У жамиятнинг маданий ва эстетик қадриятларига рахна солиш орқали ижтимоий муносабатларда инсонпарварлик тамойилларини бузади. Зеро, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда, албатта, барчамиз медиа хавфсизлик ҳақида, турли ғаразли кучлар олиб бораётган мафкуравий кураш турлари ҳақида маълумотга эга бўлишимиз ва буни ёшларга ўргатишимиз лозим.

Ижтимоий тармоқлар орқали инсон онги ва дунёқарашини ўзгартириш мақсадида ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказиш, дизинформацион ахборот тарқатиш каби ҳолатлар, айниқса, ҳушёрликни талаб этмоқда. Ахборот хуружида инсон онги, миллат руҳияти нишонга олинади. Аслини олганда, ахборот хуружларини амалга оширишда, аввало, инсон онги ва қалбини забт этиш орқали мафкуравий таъсир ўтказиш ғояси ётади. Мазкур ҳолат давлатларнинг барқарорлигига рахна солиб, миллатнинг тарихан шаклланган қадриятлари, унинг ўзига хослиги, миллат ва халқ сифатида яшаб қолишини хавф остига қўяди. Ижтимоий тармоқлар орқали ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган ёвуз ва бузғунчи ғоялар таъсирини ўз вақтида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини ҳар бир юртдошимиз, биринчи навбатда, ёш авлод вакиллари чуқур англаб етишлари лозим бўлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «…биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз».

Бинобарин, бугунги давр биздан дунё миқёсида бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатиш орқали ёшларимизни алдаб, ўз қармоғига илинтиришга интилаётган ижтимоий тармоқлардаги турли салбий ҳолатларга ҳеч қандай имкон бермаслигимизни талаб этмоқда. Зеро, миллий маънавиятимизни асраш орқали ёшларимизни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб, ўз халқига, юртига бўлган муҳаббатини ошириш асосий вазифамиздир.

Сўзимизни интернет фойдаланувчилари ҳақида маълумот беришдан бошлаймиз. Ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчилар сони тезлик билан ошиб бораётган бир пайтда улар орасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар 90%ни ташкил этмоқда. Шу ўринда айтиб ўтамизки: ижтимоий тармоқ – унинг таркиби фақатгина иштирокчилардан ва улар ўртасида мулоқотни ўрнатувчи, кўп фойдаланувчили интерактив веб сайтлар асосида яратилган тармоқдир.

Мазмунига кўра ижтимоий тармоқлар икки босқичли бўлади:
Фойдаланувчилар орасидаги мулоқотни ўрнатиб берувчи дастурий яъни аппаратли комплекс;
Фойдаланувчилар орасидаги умумий қизиқишларни аниқловчи ҳамда гуруҳлар орасидаги мулоқотни ўрнатувчи босқич;

Ижтимоий тармоқларнинг мақсади – интернетда ўзаро қизиқишлар ёки фаолиятга эга шахслар билан мулоқот қуришдан иборатдир. Ўзаро алоқа ички почта ёки хабар алмашиш тизими орқали амалга оширилади. Ижтимоий тармоқлар очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқ хусусиятларининг бири бу дўстлар ва гурухлар тизимидир.

Ижтимоий тармоқларда одатда ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни жойлаштирасиз (Туғилган кун, мактаб, севимли машғулот ва бошқалар). Ўз навбатида қидираётган қатнашчингизни шу турдаги маълумотларини ҳам олишингиз мумкин.

Ижтимоий тармоқлар виртуал олам каби интернетдаги худди шундай «ари уяси»дир. Улар пайдо бўлганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Ҳаммаси кимнингдир хаёлига интернетдаги ҳамфикрларини йиғиш ғояси келиб қолганидан бошланди. Дастлаб қизиқишлари ёки касблари бўйича бирлашдилар. Кейин бу ғоя кенгайиб, дўстлар, танишлар, ҳамкасблар уларга қўшила бошладилар.

Ижтимоий тармоқларда фақат дўстлар, танишларни эмас балки машҳур инсонларни ҳам учратиш мумкин. Юлдузлар ўз саҳифаларини очиб, унда ҳаётларидаги қизиқарли воқеаларни ёзадилар ва суратларни юклаб борадилар.

Тармоқлар ичида кўплаб гуруҳлар очилган бўлиб, уларни исталган фойдаланувчи ўз қизиқишига қараб очиши ва дўстларини таклиф қилиши мумкин. Гуруҳларнинг мавзулари хилма-ҳилдир. Футбол, тикувчилик, автомобил ва шунга ўхшаш. Гуруҳлар ичида унинг аъзолари ўзаро фикр алмашадилар. Баъзи гуруҳларга истаган киши аъзо бўлиши мумкин, баъзилари эса ёпиқ саналиб, унга фақат аъзолардан бирининг тавсияси билан ёки гуруҳ маъмури рухсати билан қўшилса бўлади.

Ижтимоий тармоқлар бугунги куннинг энг асосий вақт ўтказувчи омили ҳисобланади. Айниқса, ёшлар “ижтимоий тармоқлар касали”га учрашган.

Интернет деганда бугунги кунда кўпчилик айнан ижтимоий тармоқларни тушунадиган бўлиб қолган. Ижтимоий тармоқлар ҳудди магнит каби одамларни ўзига тортиб, уларнинг бутун бўш вақтларини эгаллаб оладиган бўлиб қолди.

Аксарият кишилар бу ерда ўзларига дўст қидирадилар, эски танишларини топишга, дўстлик муносабатларини ўрнатиш ва тиклашга ҳаракат қиладилар.

Бунда фойдаланувчилар кўпроқ тармоқ ичидаги гуруҳ ва каналлардан фойдаланишади. Гуруҳларнинг турлари шунчалик кўпки, сизни қизиқтирган мавзуга оидини албатта топасиз. Агар топа олмасангиз ўзингиз тузиб қўя қоласиз.

Тармоқларда иш бўйича ҳам алоқалар ўрнатиш, суҳбатлар юритиш кенг авж олган. Кўпчилик бирлашиб бирор лойиҳа устида ишлаши, кейинчалик уни ҳаётга татбиқ этиш учун ижтимоий тармоқлар жуда қўл келади. Бундан ташқари, иш бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини олиш мумкин.

Барча нарсада бўлгани каби ижтимоий тармоқдан ҳам самарали йўлда фойдаланиш жамиятга фойдали, шу билан бирга савобли амал ҳам ҳисобланади. Ҳадисларда айтилгани каби, албатта амаллар ниятларга боғлиқдир.

Зиёлилар, маърифатли қатлам интернетда доимий равишда фойдали контент билан бойитиб боришлари лозим. Бунда медиа муҳитдаги маҳсулотларни мультимедиа элементлари билан таъсирчанлигини ошириш айни муддаодир.

ТИИ Модуль таълим шакли
3-курс талабаси Сувонов Зоҳид

307061cookie-checkИжтимоий тармоқлар касали

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: