islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Марҳум муфтий Усмонхон Алимов

Марҳум муфтий Усмонхон Алимовнинг ёслик чоғларида бошидан ўтказганлари ҳақида. Отамни эсласам, ёшлик даврим кўз олдимда гавдаланади. Динсизлар жамиятининг гуноҳ ишлари авжига чиқган даврлар эди. Мактабда бошқа муҳит, уйда бошқа муҳит. Мактабда динни ёмонлаб дарс берилса, уйда отамиз Қуръони каримдан дарс берар эдилар. Отамизнинг тарбияси кучлироқ бўлгани учун диний дарсларни кўпроқ ўзлаштириб олар эдик. Шундай даврларни кўрдикки, ҳатто жаноза намозини ўқишни ҳам тақиқлаб қўйишди. Ўша даврларда бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Отам билан жанозага бордик. Марҳумнинг ўғли диндан қайтган амалдорлардан экан. Ўтирган жойимизга шиддат билан келиб, отамга қараб: “Бировларнинг ўлими сизга даромад олиб келади-да, ҳатто ўғлим ҳам қуруқ қолмасин, дебсиз. Партиянинг даҳолари айтади: “Дин халқ учун афюндир, дин маънавий оғунинг бир навидир”. Сиз эшон бобо, ана шу маънавий оғу билан халқни заҳарламоқдасиз. Мен эса бунга йўл қўймайман. Отамга жаноза ҳам ўқитмайман, қабри бошида Қуръон ҳам ўқитмайман”, деса бўладими. Мен жаҳл билан ўрнимдан туриб нимадир демоқчи эдим, отам раҳматли бир имо билан жойимга ўтқазиб қўйди. У киши кетганларидан кейин қиблагоҳ секингина: “Ўғлим, хафа бўлманг, биз илм аҳлимиз, жоҳилларнинг жаҳолатига илмимиз билан, маърифатимиз билан жавоб беришимиз керак. Мусулмонлар жанозасиз кетса, биз аҳли илм гуноҳкор бўламиз. Шунинг учун сиз маййитни ювиш баҳонасида ичкарига кириб, жаноза ўқиб чиқасиз. Ўзим кирсам бўлар эди, аммо ҳозирги воқеадан кейин ҳамманинг назари менда”, деди. Мен эса: “Отажон жаноза ўқитмайман, деди-ку, билиб қолса нима бўлади?”, дедим. Отам: “Динни ҳеч қачон, ҳеч ким йўқ қила олмайди. Бизларни Яратган Зот қўллайди. Сиз қўрқмасдан ўқиб чиқаверинг, ювишга кирган боболар ҳам ишончли кишилар, ҳали бу бизни ҳақорат қилган киши сиздан узр сўрайди, отасига жаноза ўқиганингиз учун раҳматлар айтади”, деган эди. Ўшанда беш киши бўлиб жаноза ўқиган эдик. Отам раҳматли айтганидек, орадан анча йиллар ўтиб, ўша киши мени топди. Отасига жаноза ўқитмагани учун минг эгилиб кечирим сўраб, жаноза ўқиганим учун минг эгилиб раҳматлар айтди. Онам раҳматли ёшлигимизда вафот этиб кетганлар. Мен укамларга бош бўлиб, онамнинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилганман. Отамнинг раҳнамолигида шу даражага етиб, элу халқимизга хизмат қилиб юрибмиз. Отамнинг бирдан-бир орзуси – қори бўлишим эди. Менга бу мақом насиб қилмади. Аммо неваралари қори бўлганини кўрган отам: “Ниятимга етдим, энди армоним қолмади, Аҳмад қори, Имом қори, Наби қори невараларимдан дунёга келадиган зурриёдлар ҳаммаси қори бўлишини Аллоҳдан сўрадим”[1], деган эди.

Марҳум муфтий Усмонхон Алимов роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти, фаолияти ва у кишининг бой илмий меросини ҳамда юртимизда диний соҳада олиб борилган ислоҳотларга қўшган ҳиссаларини чуқур ўрганадиган бўлсак, бир сўз билан мана шу хулосага келишимиз мумкин:

Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда ал-Аҳзоб сурасининг 21-оятида мана шундай марҳамат қилади:

لقد كان لكم في رسول الله أسوة حسنة لمن كان يرخوا الله و اليوم الآخر و ذكر الله كثيراً (٢١)

سورة الأحزاب

“(Эй, иймон келтирганлар,)Сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Аллоҳнинг росулида гўзал ўрнак бордир.”

Дарҳақиқат Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ хулқ узра эдилар.

العلماء وراثة الأنبياء

“Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридирлар.”

Пайғамбар алайҳиссаломлар эса, фақат илмни, одобни мерос қилиб қолдирганлар. Ушбу қоидалардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, Усмонхон Алимов роҳимаҳуллоҳда ҳам гўзал хулқ, ўрнак-намуна бор эди. Чунки, у киши ҳадиси шарифда айтилганидек пайғамбарларнинг меросхўрларидан бўлган олим-у уламолардан эди. Шунинг учун у ҳазратдан ҳам фақат илм, маърифат, яхшилик ва гўзал хулқ, ўрнак-намуна бўладиган ўчмас из қолди. Шундай зотларнинг ҳаёт йўлларини дастурул амал қилиб, ҳаётимизга тадбиқ қилишга арзиди. Ҳазрат Усмонхон Алимовнинг ўзига хос ҳаёт йўли, у кишидаги одоб-ахлоқ, кенг мулоҳазалик, кенг фикрлилик, узоқни кўра билиши, ҳар бир ишда бағрикенглик, сабрли бўлиш ва кўплаб гўзал хислатларни кўришимиз мумкин. У кишидаги раҳбарлик қобилияти, иш давомида ҳар бир катта-ю кичикка қилган муомалалари ижтимоий ҳаётимизда барчага бирдек намуна бўлишга арзийди.

Бугунги глобаллашув жуда тезлаб бораётган замонамизда бундай кишиларнинг ҳаётларидан ўрнак-намуна олишга жуда мухтожмиз. Ёшларни тарбиялашимизда бевосита ҳазратнинг ҳаёти, илм-маърифати ва маънавий меросидан фойдаланишимиз керак.

Усмонхон Алимовнинг ҳаёти бизлардан олдин яшаб ўтган улуғларимиз ҳаётининг бугунги кўриниши ҳисобланади. Дунёга донг таратган ота-боболаримиз динини маҳкам тутиб, илм ўрганиб, дунёга устоз бўлганлар. Бугунги кунда биз ҳам ота-боболаримизга муносиб фарзанд бўлиб, уларнинг йўлларини тутишимиз керак. Шунда биз ҳам албатта дунё миқёсида ўз ўрнимизни топамиз. Ин шаа Аллоҳ!

Марҳум муфтий Усмонхон Алимов роҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таоло рози бўлсин!

ТИИ 4-курс талабаси Галаев Хуршид

[1] Дуолари ижобат инсон 23-25-бетлар

308700cookie-checkМарҳум муфтий Усмонхон Алимов

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: