islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис айтишда нималарга эътибор бериш лозим?

Барча нарсада бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини айтишда ҳам ўзига хос одоблар мавжуд.

Бу ўринда бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг ҳадисга бўлган одобларини мисол қилиб келтириш мумкин. Имом Бухорий ҳазратлари, агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, албатта алоҳида таҳорат олганлар. Чунки, Аллоҳ таоло Нажм сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган сўзнинг қадрини кўрсатиб шундай марҳамат қилади:

«У ҳаводан нутқ қилмас» (Нажм 4-оят)

Муфассир уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган сўз беҳуда ва оддий сўз эмас, деганлар. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган, «Мен ҳақдан бошқани гапирмайман», деган ҳадисни далил қиладилар. Шунинг учун ҳам саҳобалар, улуғ мужтаҳид уламолар қачон бирор ҳадис айтмоқчи бўлишса, диққатларини жамлаб, унинг барча одобларига риоя қилганлар.

Имом Бухорий ўзларининг Ал-Жоме ас-Саҳиҳларини 16 йил ёзиш давомидаги ҳолатларини айтиб «қачон шу китобга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқирдим» деганлар. Имом Молик қачон ҳадис айтиш ёки ҳадисни музокарисига киришсалар, алоҳида таҳорат қилиб, пок кийим кийишлари ва хушбўйлик суртиб олишлари тўғрисида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, яхшилаб таҳорат қилмагунимча ҳадис айтмайман, деган эдилар.

Бу мисоллардан кўринадики, ҳадис айтиш учун унинг одобларига риоя қилиш лозим бўлади. Улар: таҳоратли бўлиш, ҳадисга омонатдорлик; ҳадис эмаслигини билиб туриб ҳадис деган киши дўзахга киришини яхши англаб етмоғи; саҳобалардан қанчалик омонат ила олимларга етиб келганини ҳис этмоқ; ўзи ёд олаётган сўзи шунчаки сўз эмас, балки Қуръондан кейинги ишончли ва саҳиҳ бўлган сўз, уни айтган Зот эса шафоатчиси, икки дунёда қалбининг тарбиячиси ва ҳаётининг шам чироғи эканликларини ҳис этиб туриши лозим.

«Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси

Маҳмудов Зафар

31420cookie-checkҲадис айтишда нималарга эътибор бериш лозим?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: