islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Президент: “Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг номларини оқлаш – муҳим вазифамиз»

Сўнгги йилларда Ватан озодлиги йўлида курашган жадид боболаримиз, истиқлолчилик ҳаракати аъзоларини оқлаш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Аввал 115,кейинроқ 120 нафар истиқлолчи боболаримизнинг оқланиши халқимиз томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Байрам тадбиридаги нутқда ҳам ушбу масалага тўхталиб ўтилди:

«Биз учун инсон, унинг қадр-қиммати қанчалик азиз бўлса, унинг хотираси ҳам шунчалик муқаддасдир.

Шу сабабли Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг номларини оқлаш, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий меросини ўрганиш, хотирасини эъзозлашга янада муҳим аҳамият қаратмоқдамиз.

Миллий қадриятларимизда алоҳида ўрин тутадиган авлодлар ўртасидаги анъаналар давомийлигини сақлаш, уруш ва меҳнат фахрийларининг, муҳтарам отахон ва онахонларимизнинг ҳаётини янада мазмунли қилиш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимизга айланмоқда.

Шунингдек, биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда азму шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз.

Фарзандларимиз нуфузли халқаро мусобақа ва фестиваллар, фан олимпиадалари ва танловларда ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келмоқдалар.

Яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон шахмат олимпиадасида терма жамоамиз тарихда биринчи марта “Олимпия чемпиони” деган юксак шарафга сазовор бўлгани ҳаммамизга чексиз ғурур бағишлайди.

Ушбу улуғ айёмда мана шундай ақлли, иродаси мустаҳкам, мард ва жасур ўғил-қизларимизни, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийларини ўз номимдан, халқимиз номидан яна бир бор қутлаб, уларга янги зафар ва омадлар тилайман.

Айни вақтда мамлакатимиз ёшлари Туркияда ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинларида, ҳарбий хизматчиларимиз эса, халқаро армия мусобақаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаганлари таҳсинга сазовордир». деди Шавкат Мирзиёев.

322290cookie-checkПрезидент: “Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг номларини оқлаш – муҳим вазифамиз»

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: