islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунёни эмас, ўзингизни қутқарувчи халоскор бўлинг!

Сўнги йилларда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва мутаассиб тоифалар пайдо бўлди. Мутаассиблик ўз фикрига нотўғри бўлса ҳам ёпишиб олиб бошқанинг фикрини қабул қилмаслик. Бу нарса турли ҳолатларда бўлиши мумкин. Унинг зидди бағри кенглик бўлади. Ғулув ҳаддан ошиш, чуқур кетишдан иборатдир. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқариш ҳамда нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар. Энг ёмони, улар ўз ҳатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларни ўзларининг мақсадлари йўлида тафсир ва таъвил қилиб мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқдалар.

Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъий назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум бўлади. Оятга мурожаат қилсак, унда «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» дейилган.

Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Масалан Аллоҳ таоло каломи шарифида: «Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай» деб марҳамат тқилган.

XX аср инсоният тарихида диний экстремизм ва терроризм каби иллатлар билан тарихда алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан қилинишидан қатъий назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога маҳкум этилиши лозим.

Дунёда тинчликни сақлаш учун ҳамма имконият сафарбар қилиниши керак. Биз Аллоҳ таоло тарафидан Ер юзини обод қилишга амр этилганмиз. Бизнинг динимиз одамзот у ёқда турсин, оддий жониворга ҳам озор бермасликка буюради, зероки у тинчлик динидир.

Ислом нуқтаи назаридан терроризм сўзини таҳлил қиладиган бўлсак, у Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда «фасод», «эътидод», «қатлуннафс» каби лафзлар билан таъбир этилган. Яъни, ер юзида бузғунчилик, қўпорувчилик, ноҳақ қон тўкиш, тажовузкорлик мазмунида келган бўлиб, уни амалга оширувчилар қаттиқ қораланган.

Ер юзида бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини амалга оширган шахсларга нисбатан Қуръони каримда олий жазо белгиланган. Масалан: «Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси — ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилиниш. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик, охиратда эса, улар учун улкан азоб ҳам бордир».

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида мазкур ишлар тўғрисида огоҳлантирганлар. Масалан: «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз».

«Қиёмат куни одамлардан биринчи навбатда ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида сўроқ қилинур».

Маълумки, террорчи ва экстремистик тузилмаларнинг асосий ғояси «жиҳод» йўли билан ўз фаолиятини давом эттиришдир. Бу дегани доимий равишда қайсидир мамлакат халқини қуролли ҳужум орқали мажбурий равишда ўз ғоялари таъсирига тортиш ҳамда ўзларига мос шароит яратиш мақсад қилинган. Уларнинг «ақида»си бўйича «жиҳод» исломни ёйиш воситасидир.

Биз айтамизки, ислом динини қурол воситаси билан ёйиш даври ўтган. Эндиликда бу ғояни татбиқ этиш мақсадида жангариларни тайёрлаш, ҳарбий машқларни давом эттириш ислом динини дунёга манфур қилиб кўрсатиш демакдир. Бунинг ўрнига тинчлик йўли билан ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шавқатга чақирадиган, тараққийпарвар дин эканини амалда намунали тарзда кўрсатиш йўлини танлаш лозим.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси кабинет мудири Икромжон Жўрабоев

327440cookie-checkДунёни эмас, ўзингизни қутқарувчи халоскор бўлинг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: