18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кундир.
Ватан рамзлари халқнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этади.
Байроқ – ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, мустақиллигини ифодаловчи тимсол ва улуғ мақсадлар томон бошловчи машъаладир. У ўзида бутун халқнинг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқнинг ўзига хос меҳмондўстлигини мужассам этган.
Тарихда ҳар бир давлат ёки халқларнинг ўз байроқлари мавжуд бўлиб, давлатнинг асосий белгиларидан ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам давлат рамзларига, хусусан, байроққа юксак сиёсий аҳамият берган. Амир Темур байроғи дастаси узунлиги тўрт беш метрдан кам бўлмаган ва мовий рангда бўлган. Байроқ қўшин олдида олиб юрилган. Соҳибқирон: “Жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам байроқни баланд тутсин!”, деб фармон берган ва байроқни эгилишини мағлубият деб қабул қилган. Байроқнинг вазифаси қўшинни жипслаштириб, олдинга ундаш бўлган ва аксинча байроқ йиқилса қўшин тарқалиб кетган.
Шарафли ишни бажаришдаги саҳобалар орзси
Ислом тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган ишларидан бири бўлган десак муболаға бўлмайди. Ислом аввали байроғларининг тузилиши оддий рангдан фойдаланган ҳолда содда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта байроғи бўлмаган, аксинча, байроқлар турли даврлар, воқеалар ва жангларга кўра турлича бўлган. Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида байроқ ранглари ҳар хил бўлган. Одатда ҳар бир араб қабиласининг ўз байроғи бўлган. Ҳадисларда байроқ ранглари оқ, қора, сариқ, қизил, яшил ва кулранг, шакли борасида эса тўртбурчак, кенг деб ривоятлар келган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Уқоб”, “Рийба” номли байроқлари бўлган. “Уқоб” байроғи майда йўл-йўл чизиқлари ёки майда доғлари бўлган чопон матосидан ясалар эди. Уқоб исмли байроқ фақат Пайғамбаримизда бўлмаган, балки Қурайш қабиласининг ҳам шу номда байроғи бўлган. Яна бошқа бир ривоятда, байроққа тавҳид калимаси ёзилгани ҳам келган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроғдорлари:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари ҳижрийнинг 1 йили Рамазон ойида бўлган. Ўшанда, Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юборилгандилар. Бу учун тикилган байроқнинг ранги оқ бўлган, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусайн Ғанавий розияллоҳу анҳу кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул баҳр сарияси” деб аталган.
Энг дастлабки катта ғазотлардан ҳисобланган Бадр жангида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар, байроқ оқ рангда эди. Муҳожирлар байроғини Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бердилар, бу байроқни “Уқоб” дейиларди. Ансорлар байроғини Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга бердилар. Ҳар икки байроқ қора рангда эди.
Уҳуд ғазотида муҳожирлар байроғини Мусъаб ибн Умайр Абдарий розияллоҳу анҳуга бердилар, ансорларнинг Авс гуруҳи байроғини Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳуга бердилар ва ансорларнинг Хазраж гуруҳи байроғини Ҳубоб ибн Мунзир розияллоҳу анҳуга бердилар.
Румликларга қарши бўлган Мута ғазотида байроқни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тарбиялаган Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга бердилар. Сон жиҳатдан тенгсиз бўлган бу жангда байроқни навбат билан тутган Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳумлар шаҳид бўлдилар. Аллоҳнинг қиличи лақабли Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу байроқни олгач, ҳарбий ҳийла ишлатиб қўшинни қутқариб қолган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Шу куни Ҳайбар тўлиқ фатҳ этилди.
Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар.
Нафақат байроқ, балки давлатнинг барча рамзлари ўша миллат, халқ, элатнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Хусусан, Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган, уни қўлида маҳкам тутганча жон берган. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмайди, охири панжалари билан кесиб олгани тарих зарварақларида зикр қилинган.
Бугунги тараққиёт замонида ҳам байроқ ўз аҳамиятини йўқотмаган ва давлатларнинг асосий рамзларидан ҳисобланади. Шунингдек, халқаро мусобақаларда ва спорт беллашувларида, халқаро ташкилотларда байроқнинг ҳилпираши ўша давлатнинг обрў ва эътиборини белгилайди. Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи ҳам дунё бўйлаб ҳилпираб, бу юртнинг довруғини дунёга танитиб келмоқда.
Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!
ТИИ 3-курс талабаси
Нодирбек Нишонов