islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рамазон ойи туҳфаси

الحمد لله ربّ العالمين، و أفضل الصلاة و أتمّ التسليم على أشرف الأنبياء و المرسلين ، و على آله و أصحابه أجمعين، و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين. و بعد

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай дейди:

(يأيها الذين ءآمنوا كتب عليكم الصيام كما كتب على الذين من قبلكم لعلكم تتقون “(البقرة:183

(Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз)

Ҳадиси қудсийда шундай ривоят қилинади:

(قال رسول الله صلّى الله عليه و سلّم: قال الله تعالى:“… الصيام لي و أنا أجزي به .” (رواه البخاري

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтидилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Рўза меникидир. Унинг мукофотини мен бераман”. (Имом Бухорий ривояти)

Мусулмонларга Рамазон ойи рўзасининг фарз қилинишида бисёр ҳикматлар бордир. Аллоҳ таоло ўзининг бандаларига рўзани уларни фақат очлик билан имтиҳон қилиш учун фарз қилган эмас. Балки, у орқали бандаларига беҳисоб фазлу карамини тортиқ қилишни хоҳлади. Бу фазлу карамларнинг энг олийси – банданинг бу ойда тақвоси зиёда бўлишидир. Тақво эса ибодатнинг муддаосидир.

Бир киши улуғ саҳоба Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан тақвонинг маъноси ҳақида сўради. Улуғ саҳобанинг жавоби унга савол тариқасида бўлди: “Умрингда бирор марта тиконли йўлдан юрганмисан?”. Шунда ҳалиги киши “ҳа” деб жавоб берди. Улуғ саҳоба яна сўради: “у йўлдан қандай ўтгансан?”. “Эски-туски кийимларимни ўзимга маҳкам ўраб олдим ва эҳтиёткорлик билан юрдим. Натижада, менга ҳеч нарса зиён етказмади”, деди ҳалиги киши. Ҳазрат Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу тақвони мана шу ҳолатга қиёслаб: “Бу, яъни хатарли йўлдан сақланишинг, айни тақвонинг таърифидир. Қайси банда ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида ўзини мана шундай ҳимоя қилса, у асло гуноҳу маъсиятга дучор бўлмайди”, деб жавоб берди.

Демак, Рамазон ойи – мўминниг тақвоси зиёда бўладиган ойдир. Рўза –  бу, фақат емак ва ичмакдан тийилиш эмас. Балки, банда бутун вужуди билан тийилиши – рўза ҳолатида бўлишидир. Мисол учун, кўзлари билан уларни номаҳрам назардан тийиш орқали рўза тутади. Тиллари билан уларни ёлғон, ғийбат ва шу каби иллатлардан тийиш орқали рўза тутади. Хуллас, мусулмон киши Рамазон ойида бутунлай рўза ҳолатида бўлиши лозимдир.

Аллоҳ таоло кириб келаётган муборак Рамазони шариф ойини барчамизга муборак қилсин. Бу ойни ғанимат билиб, тақвомиз зиёда бўлишини Ўзи насиб айласин. Омин!

(“Why Fasting is prescribed ” номли маърузадан. Муаллиф: Шайх Зулфиқор Аҳмад Нашқбанди ҳафизаҳуллоҳ. Инглиз тилидан: Халилуллоҳ Юсуф таржимаси)

 

36720cookie-checkРамазон ойи туҳфаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: