islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни нима йиғлатди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Тустар жангини эсласа, доим йиғлардилар.

Тустар, форсчада Шуштар, форс қалъаси бўлиб, мусулмонлар бир ярим йил давомида уни қамалда ушлаб туришган. Тустар ҳозирги Эроннинг Хузистон вилоятидаги шаҳар. Бу, милодий 641-642 йилларда бўлиб ўтган мусулмонлар билан форсларнинг Сосонийлар давлати ўртасидаги энг оғир жанглардан бири эди. Жангда 30 минг мусулмон ва 150 минг форс қатнашган.

Ўша қамалда мусулмонлар тонг отишидан олдин қалъага бостириб киришди. Қалъага кириб, душманга қарши курашни давом эттирдилар. Ҳар икки томон ҳам тиш-тирноғи билан курашдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг иродаси билан мусулмонлар охир-оқибат бу қалъани эгаллашди.

Қарама-қаршилик фақат қуёш чиққандан кейингина тугади.  Душман мағлуб бўлди.  Мусулмонлар ғалаба қозонишди. Аммо жангдан кейин мўминлар бомдод намозини ўтказиб юборганликларини эсладилар.

Гарчи мусулмонлар жанг пайтида бомдод намозини ўқиш имкониятига эга бўлмасалар-да Анас ибн Молик бу жангни эслаб, доим йиғларди. 

Анас ўша жангни эслаб: “Бомдод намозини вақтида ўқимасам, менга Тустарнинг ғалабаси нима бўпти?! Мен намозни дунёнинг ҳеч бир бойлигига алмаштирмайман!”, дерди.

Манба: Муҳаммад Ибн Саъднинг “Табақот” асари, 5/333

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

418940cookie-checkАнас ибн Молик розияллоҳу анҳуни нима йиғлатди?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: