islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Катта Лангар Қуръони» қандай қилиб Россияга бориб қолган?

Халқаро конгрессдан лавҳа. Фото: Рустам Жабборов

Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар намойиш этилди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, асов Нева дарёси соҳилида Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти жойлашган. Бу даргоҳда Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли ўнлаб бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда, Қашқадарё вилоятида, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолаётир.

Маълумотларга кўра бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катталангар қишлоғида, тасаввуфдаги ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида «Катта лангар Қуръони» номини олган. Китобнинг катта қисми – 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёзмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган.

Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан ўн уч аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассисларнинг фикрича, у Қуръони каримнинг ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади.

2017 йилда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида «Катта Лангар Қуръони»нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.

Ушбу нусхалардан бир нечтаси «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербургга келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди.

– Бир қарашда бу бироз ғалати туюлиши мумкин, — дейди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Аввало бу ушбу нодир қўлёзмадан нусха олиш имконини берган институт раҳбариятидан миннатдорлигимиз ифодаси. Қолаверса, мазкур қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган олим ва мутахассислар учун факсимиле нусхаси жуда қўл келади. Асл нусха эса институтнинг бебаҳо хазинаси сифатида дахлсизлигича қолиши лозим.

Ўзбекистондан борган делегация аъзолари институтга Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлар ва улардаги битиклар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомлар тўпламини ҳам туҳфа қилди.

— Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ҳақиқий маънода институмизнинг фахри деб айта оламиз, – дейди Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова. – Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчилигининг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташабус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз.

Санкт-Петербургда ўтаётган «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида мазкур илмий даргоҳда «Шарқ қўлёзмалари институтида Шарқ китобат санъатининг нодир дурдоналари» номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларига «Катта Лангар Қуръони»нинг асл нусхаси саҳифалари, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Алишер Навоийнинг «Куллиёт»и,  «Лисонут-тайр», «Вақфия» сингари асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг нодир намуналари намойиш этилди.

Рустам Жабборов, Санкт-Петербург

Манба: Xabar.uz 

41960cookie-check«Катта Лангар Қуръони» қандай қилиб Россияга бориб қолган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: