Тошкент ислом институтида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Ректор Уйғун домла Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов ва Ўқув ишлари бўйича проректор Жаҳонгир Рўзиев 4-босқич талабалари билан мулоқот ўтказдилар.
Ёшлар билан мулоқот ўрнатиш, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, шу орқали ўқув жараёнини янада самарали ташкил этиш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлардан талабаларни яқиндан хабардор қилиш тадбирнинг асосий мақсади бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг бўлимлари, талабаларнинг келгусидаги режалари, дуал таълим 4+2 тизими доирасида амалиётни ўташ бўйича муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Ректор талабаларга китобхонлик ва хорижий тилларни ўзлаштириш, қўлёзмаларни ўқиш ва тадқиқ қилиш бўйича мурожаат қилди.
У.Ғафуров битирувчилар келажакда энг яхши олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва масжидларда фаолият юритиши лозимлигини билдирди.
Талабалар ўқув ва ташкилий масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, фикр ва таклифларини билдиришди.
Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг бўлимлари ҳамда Ислом цивилизацияси марказида амалиётлар ўтказиш, мазкур ташкилотларнинг фаолияти билан яқиндан таништириш ҳамда доимий туркум суҳбатлар ўтказишга келишиб олинди.