islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш ҳақида эътиқодимиз

Мотуридия мазҳабидаги мўътабар уламолардан бири бўлган Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ «Ақоиди Насафий» асарида қуйидагиларни ёзган: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Шунга кўра бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда турмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади».

Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолони жаннатда кўриш собитлигига Қуръони каримдаги ушбу оятни далил қилиб келтирганлар:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ

 «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23 оятлар).

Бошқа бир оятда кофирларнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўришдан тўсилишлари шундай хабар берилган:

كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ

«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят).

Уламолар ушбу оятни мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлигига далил қилганлар. Бу ҳақида имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор», деган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар», деган.

Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлигига ҳадиси шарифларда ҳам кўплаб далиллар келган. Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,дедилар”. (Муттафақун алайҳ).

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор:

  1. Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубха бўлмайди;
  2. Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”.

Мўминлар Жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирган:

Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.

Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир.

Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шунга кўра мўминлар жаннатда Аллоҳ таолони бирор шаклсиз, идроксиз ва ҳеч бир тимсолсиз равишда кўрадилар, деб эътиқод қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўриш бахтини насиб этсин. Омин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Турғунбоев Нуриддин

53190cookie-checkЖаннатда Аллоҳ таолони кўриш ҳақида эътиқодимиз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: