Ўтган 27 январь куни Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари ҳамрохлигида Искандария шаҳридаги “Искандария” кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, бой тажрибаларни ўзлаштирдилар.
Маълум бўлишича, Искандария кутубхонасида 2 млн. 310 мингдан зиёд қўлёзма, тошбосма ва бошқа асарлар мавжуд. Кутубхона қўлёзмалар маркази мудири Мидҳат Ийса, қўлёзмаларни таъмирлаш бўлими бошлиғи Воил Муҳаммад Иброҳим ва қадимий асарларга кимёвий ишлов бериш бўлими бошлиғи Ҳусом ад-Дийб билан мулоқотлар ўтказилиб, фойдали маълумотларни қўлга киритилди.
Учрашувларда мисрлик мутахассислар ўзбекистонлик масъул ходимларга қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, кимёвий текширувлар ўтказиш, китобларни таъмирлаш, қўлёзма ва тошбосма асарлардан электрон нусха олиш ҳамда фойдаланиш тартиблари ҳақида батафсил гапириб бердилар.
28 январь куни эса мутахассисларимиз Қоҳира шаҳридаги Миллий кутубхона ва Давлат бош архиви фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу фондда “Усмон Мусҳафи” ҳамда қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланар экан. Кутубхона ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларга қўлёзма ва тошбосма асарларнинг сақланиши, кимёвий ишловлар бериш, китобларни таъмирлаш босқичлари ва нодир асарлар учун махсус қоғозлар тайёрлаш тартиблари ҳақида атрофлича маълумотлар бердилар.
Миср сафари давом этмоқда.