islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Намозда хушуъ ва уни гўзал қилиб адо этиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Хушуъ» аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишидир. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса, фарзу вожиб, суннату одобларини ўрнига қўймоқдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўраяпсизларми?! Менинг қиблам, бу томонда! Аллоҳга қасамки, мен учун рукуъларингиз ҳам, хушуъларингиз ҳам махфий қолмас. Албатта, мен сизларни орқамдан ҳам кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда намознинг хузуъи ва хушуъини жойига қўйиб ўқиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳар бир инсон намознинг амалларини яхши адо этиш ва унда аъзолари тўла сокинликда бўлиб, қалби Аллоҳ билан бўлмоғи зарур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга мени қиблага қараб турибдилар, орқаларидаги нарсани, жумладан, бизнинг рукуъ ва хушуъларимизни кўрмайди, деб ўйламанглар, мен кўриб тураман, деганларининг маъноси шулдир.

Айниқса, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтишлари бу маънони қаттиқ таъкидлайди.

Шунинг учун ҳар биримиз намозимизнинг рукуъ ва хушуъини жойига қўйиб ўқишимиз лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рукуъ ва сужудни батамом қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларни қачон рукуъ қилсангиз, қачон сужуд қилсангиз орқамдан ҳам кўраман», дедилар».
Иккала ҳадисни икки Шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Муҳим гапни Аллоҳ номи ила қасам ичиб туриб таъкидлаш жоизлиги.
2. Намозда рукуъ ва сужудни батамом қилиш зарурлиги.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидаги нарсани ҳам кўриб туришлари.

Муслим келтирган ривоятда:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва:
«Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийдику?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намозни яхшилаб ўқиш зарурлиги.
2. Намозни яхшилаб ўқимаганларга олим кишилар танбиҳ беришлари кераклиги.
3. Намозхон ўз намози сифатига назар солиб намоз ўқиши лозимлиги.
4. Банда намозни ўзи учун ўқиши.

Аллоҳ учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёки бошқа биров учун эмаслиги.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орт томонларидан ҳам худди олддан кўргандек кўришлари.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунча кишининг намози қониқарли бўлмас», дедилар».

Шарҳ: Демак, намоз қониқарли бўлиши учун унинг рукуъи, сужуди ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ билан ўқимоқ керак. Рукуъни чала қилиб ёки унда қийшайиб туриб, шунингдек, саждада нотўғри туриш билан намоз қониқарли бўлмайди.

Мутаррифдан у отасида ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхонлар. Намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қазоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир одам жуда яхшилаб таҳорат қилса-ю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ҳадисдаги «қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда», дегани бутун вужуди ила берилиб хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқиса, дейилганидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги. Намознинг баркамол бўлишига бу ишнинг аҳамияти борлиги.
2. Намозни бутун вужуди ила, қалб ва юз ила иқбол қилган ҳолда берилиб ўқиш кераклиги.
3. Хушуъини жойига қўйиб намоз ўқиган одам, албатта, жаннатга дохил бўлиши.

Шунинг учун доимо хушуъ ила намоз ўқийлик. Ана ўшанда мақсадга эришамиз.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки яримигина ёзилган бўлади», дедилар».
Икковини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверар экан.

Шунинг учун намозни қўлимиздан келганича тўлиқ қилиб, ихлос билан хушуъ-хузуъини жойига қўйиб ўқишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намоз икки (ракъат) икки (ракъат)дир. Ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлингнинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб «Ё Робб!» дейсан. Ким шундоқ қилмаса намози чаладир», дедилар».
«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда «намоз икки (ракъат) икки (ракъат)дир» деганларида нафл ва таҳажжуд намозларини кўзда тутганлар. Ўша намозларни икки ракъатдан ўқиш афзалдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Нафл ва таҳажжуд намозлари икки ракъатдан бўлса яхшилиги.
2. Ҳар икки ракъат намоздан кейин ташаҳҳуд ўқилиши.
3. Намозда хушуъ бўлиши зарурлиги.
4. Намозда банданинг Аллоҳга тазарруъи бўлиши зарурлиги.
5. Намозда банда Аллоҳга ўз мискинлиги–бечора лигини изҳор қилиши зарурлиги. Зотан, намознинг сири ҳам шу нарсалардадир.
6. Уламоларимиздан баъзилари, ушбу ҳадисдаги: «Роббингга икки қўлингнинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб: «Ё Робб! Ё Робб!» дейсан» деганларини намозда қунут ўқиганда қилинадиган, дуо деганлар.
Намоздан ташқарида дуо қилганда ҳам бу ҳолат бўлиши ҳаммага маълум.
7. Ким шундоқ қилмаса намози чаладир.

Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик. Ўзимизда бу муҳим омилларнинг етишмаслигига минг афсуслар қиламиз.

Шу билан бирга, талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Ана шундагина бу олий мақомга эришамиз. Чунки, аждодларимизда бунга эришганлар кўп бўлган. Ўрнак олиш учун баъзиларини эслаб ўтайлик:

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар уни девор, деб ҳисоблаб устларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаган».

«Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Муслим ибн Ясорни ҳеч намозда у ёқ бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган».

«Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

«Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», дедилар. Табиблар:
«Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди. У киши:
«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар. Табиблар:
«Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:
«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар.
У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб хушларидан кетдилар».

Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос.

Ўқиб ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло ила муножот, деб билайлик. Уни рукуъ, хушуъни жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа кўп кутдирмайди.

Манба: Islom.uz

67720cookie-checkНамозда хушуъ ва уни гўзал қилиб адо этиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: