islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ (1-қисм)

Абдулҳай ибн Абдулҳалим ибн Амийнуллоҳ ибн Муҳаммад Акбар Сиҳалавий Ансорий Лакнавий ҳижрий 1264-йилда Ҳиндистоннинг Лакна шаҳрида илм ва тақво билан танилган оилада дунёга келган.

Ҳиндистоннинг Лакна шаҳрига нисбатан Лакнавий нисбалари бўлса, Лакна шаҳридаги Сиҳала қишлоғига нисбатан Сиҳалавий нисбаларини олган. Насаблари машҳур саҳобий Абу Аййуб Ансорийга етиб борганлиги боис ансорий нисбаси ҳам берилган. Уламолар Абдулҳай Лакнавийнинг насаби қирқ уч табақа билан Абу Аййуб Ансорий розияллоҳу анҳуга уланишини баён қилганлар.

Абдулҳай Лакнавийнинг куняси Абулбаракот бўлган. Ушбу куня ҳақида у зот қуйидагиларни айтган: “Вояга етганимда отам мени ушбу куня билан номладилар”.

Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Шайх Абулҳалим Лакнавий ҳинд диёридаги катта уламолардан бири бўлиб, у зотнинг фиқҳ, ҳадис ва мантиқ илмлари бўйича кўплаб рисолалари бўлган. Уламолар бу зотнинг деярли барча аждодлари ўз даврининг  етук олимларидан бўлганликларини баён қилганлар.

Абдулҳай Лакнавий илм ва тақво устига қурилган оилада, тақводор мураббия оналари қўлида тарбия олиб улғайганлар. Улуғ олимларнинг ҳаётлари ўрганилганда деярлари барчаларини одатда ёшликларидан илм ўрганганларига гувоҳ бўламиз. Абдулҳай Лакнавийда ҳам шу ҳолат бўлган.

Абдулҳай Лакнавий ўзининг дастлабки таълим олиши ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Беш ёшга етганимда Ҳофиз Қосим Али Лакнавийнинг ҳузурида Қуръон ёдлашга киришганман. Кўп ўтмасдан ҳали “Амма” порасини ҳам ёдлаб улгурмаган эдим, биз Жунфур шаҳрига кўчиб кетдик. Кейин мен бу ерда Ҳофиз Иброҳим ҳузурида Қуръон ёдлашни давом эттирдим. Отамнинг ўзлари ҳам, то Қуръонни ёдлаб бўлгунимча менга Қуръондан дарс бериб турар эдилар. Ўн ёшимда Қуръонни тўлиқ ёд олдим. Бу пайтга келиб, айрим форсий китобларни ҳам бақадри ҳол ўқиб чиққан эдим. Уларнинг барчасини Қуръон ёдлаш асносида отамдан таълим олган эдим. Мен илк бор таровеҳда имом бўлиб намоз ўқиб берганимда ўн ёшда эдим.

Ўн бир ёшга етганимда илм таҳсилига астойдил киришганман ва сарф, наҳв, маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, калом илми, ҳадис ва тафсир каби дарслик сифатида ўтиладиган расмий фанларни ўн етти ёшимда тўлиқ ўқиб тамомлаганман. Мен ўн етти ёшимда дарслик қилиб ўқитиладиган ақлий ва нақлий китобларни барчасини отамнинг қўлларида ўқиб чиққанман. Аммо риёзиётга тегишли айрим китоблар ўқилгани йўқ эди. Уларни отамнинг  тоғаси ва устози бўлган Мавлоно Муҳаммад Неъматуллоҳнинг ҳузурида тўлиқ ўқиб чиқдим”.

Абдулҳай Лакнавий ўспиринлик чоғидаёқ мазкур фанларни  тўлиқ ўзлаштириши сабаби ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Мен қайси бир китобни ўқиб чиқсам, дарҳол ўша китобдан дарс беришга киришар эдим. Бунинг натижасида Ҳаййул Қаййум бўлган Зотнинг мадади билан менда барча илмларга иқтидор ҳосил бўлган ва қайси илмга тегишли бўлса ҳам, менга бирор китобнинг қийинчилиги қолмаган эди”.

Дарҳақиқат ушбу услуб, таълимдаги энг манфаатли усуллардан ҳисобланади. Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Шайх Абдулҳалим Лакнавий Ҳайдарободда қози ва “Низомия” мадрасасида мударрис бўлиб ишлаган. Ана шу вақтда бу зот отасидан унумли таълим олади ва ўрганган илмларини толиби илмларга дарс бериб борган.

Имом Лакнавий икки марта ҳаж ижобатини адо этган. Биринчи марта ўн беш ёшлигида ҳижрий 1279-йилда отаси билан бирга, иккинчи марта эса ҳижрий 1292-йилда ҳаж ибодатини адо этиб келган.

Абдулҳай Лакнавийнинг отаси Ҳайдарободда вафот этади. Отаси вафотидан сўнг у зотга отаси ўрнига қозилик лавозимига таклиф қилишади. Аммо қаттиқ илтимосларга қарамасдан Абдулҳай Лакнавий узр айтиб буни қабул қилмайди ва туғилиб ўсган юрти Лакнага қайтади. Лакнада китоблар таълиф этиш ва таълим бериш билан машғул бўлади.

Устозлари:

Абдулҳай Лакнавийга устозлик қилган зотларнинг айримлари қуйидаги олимлардир:

  1. Аллома Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий. Абдулҳай Лакнавийнинг отаси ва биринчи устози;
  2. Шайх Муфтий Неъматуллоҳ ибн Муфтий Нуруллоҳ Ансорий Лакнавий;
  3. Мавлавий Ходим Ҳусайн;
  4. Шайх Абул Аббос Аҳмад ибн Зайний Шофеъий Маккий;
  5. Шайх Али Ҳаририй;
  6. Шайх Абдул Ғаний ибн Абу Саид Деҳлавий.

Абдулҳай Лакнавий ушбу зотлар сингари уламолар қўлларида ўқиб, улардан ижозалар олган.

Шогирдлари:

Абдулҳай Лакнавий таълимга жиддий эътибор берганликлари сабаб, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўплаб шогирдлар етиштирган. Имом Лакнавий дарс ўтишдан лаззат оладиган зот бўлган. Дарсга шу даражада берилганидан ўтиладиган дарсликларини ёддан билар эди.  Қуйидаги уламолар Абдулҳай Лакнавийнинг энг машҳур шогирдлари ҳисобланадилар:

  1. Идрис ибн Абдул Алий ҳанафий;
  2. Ифҳамуллоҳ ибн Инъомуллоҳ ибн Валиюллоҳ Ансорий Лакнавий;
  3. Анваруллоҳ ибн Шужоуддин ибн Қози Сирожиддин Ҳанафий;
  4. Абдулғафур Рамзонфурий;
  5. Усмон ибн Ашраф Али ҳанафий.

Абдулҳай Лакнавий бу уламолардан бошқа яна кўплаб шогирдлар чиқарган бўлиб, уларнинг аксари турли илмлар бўйича қимматли асарлар ёзиб қолдирганлар.

Асарлари:

Имом Абдулҳай Лакнавий таълим бериш билан бир пайтда, китоблар таълиф қилишга ҳам катта урғу берган. Бу зот турли илмларга оид ниҳоятда манфаатли асарлар ёзиб қолдирган. Бу ҳақида ҳамаср уламолардан Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Шайх Абдулҳайнинг асарларини кўрган киши бу асарларнинг аниқ илмий таҳқиқлар асосида ёзилганини, нодир нақлларни қамраб олганини ва бирор масалани ёритишда худди бутун умрини фақат шу масала мутахасислигига сарфлагандек даражада ёритганини эътироф этишдан бошқа чораси йўқдир”.

Аллома Саййид Сулаймон Надавий китобларни таҳқиқ қилиш ва уларни изоҳлаб шарҳлашда Абдулҳай Лакнавийнинг Ҳинд диёрида янги услубга асос солганини айтганлар. Бу зот китобларни таҳқиқ қилишда иккита нарсага эътибор қаратганлар:

  1. Китоб аввалида унга муқаддима ёзганлар ва бу муқаддима ичида матн ва шарҳ соҳибларининг таржимаи ҳолларини ҳамда ушбу мавзуда ёзилган китоблар ҳақидаги маълумотларни келтирганлар;
  2. Бирор китобни таҳқиқ қилиш ва унга шарҳ ёзишда мазкур китобнинг турли нусхаларидан фойдаланганлар. Нусхаларни синчковлик билан солиштириб чиққанлар. Натижада таҳқиқ қилинган ва тўғирланган ягона нусха ҳосил бўлган.

Имом Абдулҳай Лакнавий китоб ёзишга жуда қаттиқ эътибор қаратган. Ҳатто баъзи китобларини сафарда юрган вақтларида ёзган.

Абдулҳай Лакнавийнинг аниқ қанча китоб ёзгани ҳақида уламолар турли ададларни айтганлар:

Шайх Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий: “Ҳинд Алломаси мутаххирлар фахри Шайх Абдулҳай Лакнавийнинг асарлари бир юз ўнтадир. Шулардан саксон олтитаси араб тилида ёзилган”, деган.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Имом Лакнавий бир юз ўн беш атрофида китоб ёзганлар”, деган.

Булардан бошқа турли хил ададлар айтилган бўлса ҳам, ҳамма бир овоздан бу зотни кўп китоб ёзган уламолардан ҳисобланишини эътироф этган. Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган асарлари рўйхати ва  уларнинг қайси фанга тегишли эканини доктор Валиюддин Надавий қуйидагича баён қилган:

Ақоид илми бўйича –  4 та китоб;

Ҳадис ва улумул ҳадис илми бўйича –  8 та китоб;

Усулул фиқҳ илми бўйича –  1 та китоб;

Фиқҳ илми бўйича –  50 та китоб;

Фароиз илми бўйича –  1 та китоб;

Зуҳд ва рақоиқ(охират ғами билан қалбнинг юмшашига сабаб бўлувчи воситалар) илми бўйича–  1 та китоб;

Тарих ва таржимаи ҳоллар илми бўйича –  16 та китоб;

Сийрат ва айрим таржимаи ҳоллар илми бўйича –  2 та китоб;

Туғилишлар ва вафотлар илми бўйича –  3 та китоб;

Мантиқ ва ҳикмат илми бўйича –  25 та китоб;

Мунозара илми бўйича –  2 та китоб;

Наҳв илми илми бўйича –  2 та китоб;

Сарф илми бўйича –  4 та китоб.

Ҳа, чиндан ҳам ушбу 120 га яқин китоб 39 ёшида вафот этган олимнинг ёзган асарларидир. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ “Қийматуз заман индал улама” (Уламолар наздида вақтнинг қадри) китобида қуйидагиларни ёзган: “Имом Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий юз йилча олдин ҳижрий 1304-йилда 39 ёшида вафот этган. Ёзган китоблари эса кўп жилдли катта китоблар ва бир неча саҳифалардан иборат рисолаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 110 та дан ортиқ эди. Барча китоблари фойдали баҳслар ва мушкул масалаларга бағишланган”.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим

72990cookie-checkАллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ (1-қисм)
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: