Жамиятимиз аҳолиси орасида диний саводхонлик ўта паст даражага тушиб кетганида кўплаб шаръий ҳақ-ҳуқулар пой-мол бўлишига йўл қўйиляпти. Шулардан бири эридан талоқ олиб ажраган аёлнинг идда жараёнидаги харажатлар масаласи. Идда ўтирган аёлнинг харажатлари кимнинг бўйнига тушади? Хотинини ҳайдаб солган эр бу савол билан қизиқиб ҳам ўтирмайди. Эридан талоқ олган бахтиқаро келин ҳам ҳаққини талаб қилишни билмай, кўч-кўронини кўтариб отасиникига кетаверади.
Жумҳури аҳли сунна фуқаҳолари ижмоъсига кўра, аёл эридан талоқ олиб ажраса, талоғи ражъийми, боинми, уч талоқми ё бир талоқ, ҳомиладорми ё ҳомиласиз қандай бўлишидан қатъий назар унинг идда давомидаги турар жой ва емоқ-ичмоқ нафақаси эрнинг бўйнига юкланади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
المطلقة ثلاثا لها السكنى و النفقة
Уч талоқ қилинган аёлнинг тураржой ва нафақага ҳаққи бор. (Сунани Дорақутний 2 / 433).
Фотима бинти Қайс номли бир саҳобия аёл пайғамбаримиздан “Уч талоқ қилинган аёлнинг тураржой ва нафақага ҳаққи йўқ” деб бир ҳадис ривоят қилади ва унга эридан ажраганда Расулуллоҳ: “Бор, амакингнинг ўғли Амр ибн Умму Мактумнинг уйида идда ўтир”—деб буюрганини айтган. Лекин унинг бу ривоятини Оиша онамиз, Умар ибн Хаттоб, Зайд ибн Собит, Жобир ибн Абдуллоҳ каби катта саҳобалар рад қилган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳдан эшитган гапини ёдда сақлаб қолганми ё йўқми, буниси номаълум бир аёлнинг гапини олиб Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатини тарк этмаймиз. Талоқ қилинган аёл идда давомида тураржой ва нафақага ҳақдор бўлади. Аллоҳ бундай деган:
لَاتُخْرِجُوهُن مِن بُيُوتِهِنّ وَلَايَخْرُجْن إِلَّاأَن يَأْتِين بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ
Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар(чиқарилурлар). ” — деган.
Агар эридан талоқ олган аёл “мен ҳомиладорман”, деб даъво қилса, боласини туққунча, агар туғмаса икки йилгача эр уни тураржой ва емоқ-ичмоқ билан таъминлашга шаръан мажбур бўлади.
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми