Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларига ўн олти ой ўтгач, Аллоҳ таолонинг буйруғи ила Қибла Байтул-Мақдис томондан Каъбаи муаззама томонга ўзгартирилиб, намозда Каъба томонга юзланишга буюрилган. Аввалги қибланинг девори бу ўзгаришдан сўнг Масжиди Набавийнинг орт томонида қолиб кетган. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари ила томи шифтли айвон(навес) ёки соябон ҳолига келтириб қўйилган ва уни “Суффа”, “Соябон” – дейилган. Унинг чор атрофини тўсувчи бирор нарса бўлмаган. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидини орқа томонидаги соябон(айвон) бўлиб, мискинлар ўша ерда тунар эдилар. Суффа аҳли шу ерга нисбат берилган” – деган. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Суффа Масжиди Набавийнинг орқа томонида бошпана ва оиласи йўқ ғариб кишилар келиб туришига тайёрлаб соябон(айвон) қилиб қўйиган жойдир” – деганлар. Аҳли суффалар фақир мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошпанасиз саҳобаларидирлар. Улар Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийдаги ўша соябон-айвон шаклида ҳозирланган жойда тунаб, “Ислом меҳмонлари” дея танилганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бу ҳақда: “Аҳли суффалар – Ислом меҳмонлари. Улар бошпанасиз, аҳл-оила, мол-мулк, бирор яқин кимсасиз кун кўрурлар” – деганлар (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳридан Макка шаҳрига ҳижрат қилганларидан сўнг У зотнинг ҳузурларига келган барча саҳобалар толиби илм ҳисобланадилар. Уларни моддий таъминотига кафиллик қилиш эса, дунёдаги энг фазилатли, самара ва манфаати нақд, Охиратга энг яхши захира бўлувчи амаллардан биридир. Буни чуқурроқ англаш учун Исломнинг бошида “Суффа аҳли” дея танилган қавмларнинг ҳаётига эътибор қаратамиз.Улар Исломнинг меҳмонлари, Мадинада уй-жойи, мол-мулки бўлмаган, ғариб-мусофир ва камбағал талабалардир (Доктор Муҳаммад ал-Амсамий). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илгарироқ Маккадан Мадинага ҳижрат қилган дастлабки саҳобалар, У зот билан биргаликда ёки кейин, то Бадр ғазотидан олдинроқ муддат ичида кўчиб борган саҳобаларни мадиналик ансорий саҳобалар ўз уйларида меҳмон қилиш, уларнинг эҳтиёжларини тўла қондиришга имконига эга бўлганлар. Ундан кейинга даврда ансорлар буни уддасидан чиқолмай қолдилар. Сабаб шуки, Ислом атрофга кенг тарқалиши, унга кирувчилар сони ортиши натижасида Мадинага кўчиб келувчилар анча кўпчиликни ташкил қилди. Мадинада ўз кафолатига оладиган бирор яқини, борадиган жойи йўқ барча кишилар бу мусофирчиликда то ўз ҳаётларини бир йўлга қўйиб олгунга қадар, вақтинча, ўша Масжиддаги суффада тунаб, кун кўрганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳли суффаларни бирор юмуш юзасидан чақирмоқчи бўлсалар, бу вазифани Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга юклар, у зот уларни чақирар эди. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам Аҳли суффалардан бири бўлган, уларни бошқалардан кўра яхшироқ таниган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Аҳли суффани аҳволи, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга қай даражада аҳамият берганларини сифатлаб, бундай деганлар: “Мен Аҳли суффалардан эгнида ридо-узунроқ уст кийими йўқ бўлган етмиштасини кўрганман. Уларда ё биргина изор-пастки кийим бор эди. Ёки биргина матоси бўлиб, бўйнидан боғлаб олар, у оёғининг ярмигача етар, баъзиларининг матоси оёқ тўпиғигача етар эди. Аврати кўриниб қолмаслиги учун уни қўли билан бирлаштириб, турар эди” (Имом Бухорий ривоти). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Ундан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ бўлган зот – Аллоҳга қасамки, мен очликдан жигарим билан ерга суянар эдим, очликдан қорнимга тош боғлаб олар эдим. Бир куни одамлар ўтадиган йўл четига ўтириб олдим. Ёнимдан (биринчи) Абу Бакр ўтди. Ундан Аллоҳнинг китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Мен қорнимни тўйдириши учунгина ундан савол...