islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“МЕҲР-2”: Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди, уларнинг тақдири нима бўлади?

Инсонпарварликнинг юксак намунаси
2019 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор.
Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу аёллардан айримларининг турмуш ўртоғи айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтамоқда.
Афсуски, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган ота-оналар фарзандлари руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келган.
Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади.
Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади.
Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати асосида амалга оширилаётган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти давом этади ва ҳеч бир Ўзбекистон фуқароси ҳимоясиз қолмайди.
photo5258509309136973516.jpg
photo5260442332182981744.jpg
photo5258509309136973519.jpg
photo5258509309136973522.jpg
photo5260442332182981749.jpg

“Меҳр-2” инсонпарварлик операцияси вакилининг ЎзА мухбирига берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонга олиб келинган болаларнинг ота-оналари Ироқ давлатига террорчилик гуруҳлари ва таъқиқланган ташкилотлар таркибида бўлганликлари сабабли 10-20 йилга, айримлари эса умрбод озодликдан маҳрум этилган.

“Меҳр-2” махсус операцияси вакилининг далолат беришича 64 нафар болани Ўзбекистонга қайтариш бўйича операция 6 ой аввал бошланган. Бу вақт давомида Ироқдан қайтажак болаларнинг Ўзбекистондаги яқинлари билан боғланиб, улар қайси қариндошлари оиласига жойлаштирилиши бўйича муаммолар ҳал этилган.
“Меҳр-2” вакилининг таъкидлашича мазкур болаларнинг ота-оналари ўз хоҳишлари билан фарзандларини Ўзбекистондаги яқин қариндошлариникига жўнатишга розилик берган. Ироқдаги озодликдан маҳрум этилган ўзбек аёллари ҳам фарзандлари қатори Ўзбекистонга қайтиши учун мазкур давлат билан музокаралар олиб борилмоқда. Ироқ ҳукумати қонунчилигига кўра, улар террорчи сифатида ҳибсга олинган.
Аввал хабар берилганидек, болалар маълум вақт давомида соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Сиҳатгоҳда болалар учун иссиқ овқатлар ташкил этилиб, уларга янги кийим-кечаклар берилади. Улар реабилитация муддатидан сўнг Ўзбекистондаги яқинлари оиласига топширилади.
Шунингдек, болаларни ўз қарамоғига олган яқин қариндошларига моддий кўмак берилиши ҳам кўзда тутилган. Яқин орада яна уруш ўчоқларидан болаларнинг қайтарилиши кутилмоқда.
“Кўпгина давлатлар озодликдан маҳрум этилган жойларда сақланаётган болаларни ўз юртига қайтаришдан хавфсираган. Аммо, Ўзбекистон Ироқ давлати қонунчилигига кўра, ота-онаси террорчи, деб топилган аёлларнинг фарзандларида айб йўқ деб топди. Уларни Ўзбекистон фарзандлари сифатида юртимизга қайтармоқда. Келажакда улар бошқа болалар қаторида мактаб ва боғчаларга қатнаши таъминланади. Вояга етмаган болаларнинг уруш ўчоқлари, сўнг қамоқхоналарга тушиб қолишида айби йўқ. Гўдакларга жиноятчи сифатида қарамаслик лозим, бу халқаро ҳуқуқ нормаларида ҳам кўзда тутилган. Ўзбекистон юртдошларимизнинг вояга етмаган фарзандларига жиноятчи сифатида қарамайди ва уларни жамоатчиликка қўшилиб кетишида ёрдам кўрсатади”, дея таъкидлади операциянинг махсус гуруҳ вакили.
Манба: Uza.uz
102670cookie-check“МЕҲР-2”: Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди, уларнинг тақдири нима бўлади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: