islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Лойиқ уммат…

Расулуллоҳ, бу кунда ҳар бир кўзда нам,

Қалбни тирнар айбдорлик ҳиссидан алам,

Ҳолимизга йиғлайди ер-у осмон ҳам,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Бошимизга тушганда заррача кулфат,

Истиржоъни тилга жо қилолмаяпмиз,

Дўст бўляпмиз кимларга, кимлар-чун улфат,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Сиз ўн тўрт аср муқаддам бизни соғиниб,

“Соғиняпман дўстларим” – деяр эдингиз,

Гоҳ-гоҳида, бизларчи, сизни ёд этиб,

Дўстлик бурчин адолар этолмаяпмиз!

 

Эрта тонгдан негадир ғафлатда қолиб,

Қанча-қанча бомдодни қазо қиляпмиз,

Пул-бойликка ўч бўлиб, парвона бўлиб,

Тубсиз жарлик томонга қулаб кетяпмиз.

 

Гар қилсак ҳам Қуръонни баъзан тиловат,

Ўзимизни ундаб ҳам йиғлолмаяпмиз,

Қолмади-ку иймонда зарра халоват,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Қалблар кетди қорайиб, тошга айланиб,

Фисқдан кетди оғизлар қонга булғаниб,

Қачонгача яшаймиз бундай қийналиб,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Белдан ботиб кетганмиз балчиқ, ботқоққа,

Бу ердан ҳам амаллаб чиқолмаяпмиз,

“Мусулмонмиз” десак ҳам бутун борлиққа,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Бу ўткинчи дунё-ла кўп овворамиз,

Фисқ-фужурга тўладир бу замонамиз,

Залолатда бўлса ҳам жон ҳамхонамиз,

Амри-маъруф, наҳй-мункар қилолмаяпмиз!

 

Номаҳрамга кўзлар ҳам кетди ўрганиб,

Бу зинодан кўзни ҳеч тиёлмаяпмиз,

Юракларга шайтон ҳам кетди ўрнашиб,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Дунё иши дин билан келганда тўқнаш,

Динимизда собитроқ туролмаяпмиз,

Одатга айланди бир-биримиз алдаш,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Суннатингиз амалда қилолмаяпмиз,

Ўзимиздан сизни устун қўёлмаяпмиз,

“Нега келдик дунёга?”- билолмаяпмиз,

Лойиқ уммат сиз учун бўлолмаяпмиз!

 

Азизларим, йиғлайлик, доим йиғлайлик,

Расулуллоҳ изидан боролмаяпмиз.

Ўзимизни тинмайин сўраб-тергайлик,

Нима учун чин уммат бўлолмаяпмиз?

 

Азизларим, йиғлайлик, доим йиғлайлик,

Токи кўйлакларимиз кетсин хўл бўлиб,

Азизларим, йиғлайлик, доим йиғлайлик,

Токи бутун оламлар кетсин кўл бўлиб…

 

Азизларим, йиғлайлик, доим йиғлайлик,

Токи бутун оламлар келсин ларзага,

Не қилсак ҳам, барчасин ҳозир қилайлик,

“Умматим” деб қарасин у зот бизларга!

Имом Бухорий номидаги Тошкeнт ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий

108830cookie-checkЛойиқ уммат…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: