islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҲАҚОРАТ ТУРЛАРИНИНГ ЁМОНИ

Роббимиз азза ва жалла Ўзининг мукаммал Китобида айтади: «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон» (Хужурот, 11).

Ушбу оятда ўзингиз мулоҳаза қилаётганингиздек Аллоҳ таоло ўз бандаларини бир бирларига лақаблар қўйиш, сўкиш ва ҳақоратлар ҳамда таҳқирлаш ва бўҳтонларнинг ҳар ҳил турлари билан юзланишдан қайтариб уларни огоҳлантирган.

Уламолар таҳқирлаш навларининг энг ёмони инсоннинг ўз дўсти бўлган бошқа бир инсонга далил исботсиз куфр айбини йўналтириши эканини бир овоздан маъқуллаб ижмо қилганлар. Яна уламолар бу айбловни бир-бирларига лақаб қўйиш турининг энг ёмони эканига якдиллик билан қарор қилганлар.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг кўплаб ҳадисларида таҳқирлашнинг ушбу туридан қайтарганлар. Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар киши биродарига «эй кофир» деса, ушбу (сўз) иккисидан бирига қайтади. Агар у киши ростдан ҳам кофир бўлса унга, аммо ундай бўлмаса айтувчининг ўзига қайтади».

Икки шайх ривоят килган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши ўз биродарига куфр айбини отса уни ўлдиргандек бўлади».

Яна бир ривоятда: «Ҳақиқатда ўлдирган кишидекдир» – дейилган.

Бу тўғрисида жуда кўп ҳадислар бўлиб, бу ҳақида тортишишнинг ҳожати йўқ. Шунинг учун саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги ўтган солиҳларимиз бировни куфрда айблашдан ўзларини тийишни лозим тутганлар. Балки бу борада Расулулоҳнинг ўзлари бизларга намуна бўлганлар.

Саҳобалар орасида нифоқда сийқаси чиққан мунофиқлар ҳам бор эди. Лекин Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни куфрда айбламаганлар, уларга ҳам мусулмонлар билан қиладиган муомалани қилганлар. Ўша мунофиқларнинг бошида ўзингиз билганингиздек Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлган. Унинг ишлари ёмон бўлишига қарамай Пайғамбаримиз унга ҳам мусулмонларга қиладиган муомалани қилдилар. Ўғлининг рағбатини рўёбга чиқариш учун, кийганларида баданларига тегиб турадиган кийимни уни кафанлаш учун бердилар. Жаноза ўқиш учун уни олиб келинганда жаноза ўқувчилар олдида Расулуллоҳнинг ўзлари турган эдилар.

Мадинада бугунги кунда катта ҳиёнат деб аталадиган гуноҳни содир этган киши бўларди. Ислом тамғаси у ва у кабилардан алоқани узиб қўйгани йўқ.

Хотиб ибн Абу Балтаъа ўшаларнинг бири эди. У Расулуллоҳни Маккани фатх қилиш учун йўлга чиқмоқчи эканини Маккадаги мушрикларга махфий тарзда етказиб, уларга: «Ўзингизни ҳушёр тутинг» – деб хабар берган эди. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам у юборган махфий хатни ўқиб қолдилар. Шунда ҳам Расулуллоҳ уни куфрда айбламадилар. Балки Аллоҳ таоло ҳам уни Расулуллоҳнинг юзларига туфлагани учун унга хитоб қилганида уни иймонда эканига гувоҳ бериб: «Эй иймон келтирганлар! Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик қиласизлар, улар эса …» (Мумтаҳана, 1).

Илоҳий баёнот ундан иймон тамғасини кесиб қўйгани йўқ, балки: «Эй иймон келтирганлар…»! – деб мурожат қилди.

Буларнинг бари, ўша зотларнинг бировни куфрда айблаш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло харом қилган бўҳтон ва ҳақорат турларининг энг ёмони эканини билганлари учундир.

Балки, эй Аллоҳнинг бандалари, сизлар яхши биласизки саҳобалар замонининг охирларига келиб Мўътазила, Жаҳмия, Муржия, Хаворижлар каби фирқаларнинг шохи ўсиб чиқа бошлади. Улар Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг тўғри йўлидан қаттиқ янглишдилар. Биз синчиклаб текшириб, саҳобалар ва тобеъинлар орасида уларни куфрда айблаган кишини топа олмадик. Хаворижларни ёки Муътазила ва Муржияларни куфрда айблаган кишини учратмадик. Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан у кишига қарши чиқиб ўлдирмоқчи бўлган кишилар ҳақида: «Улар мусулмонми ёки мусулмон эмасми?» – деб сўраганларида: «Дўстларимиз адолатсизлик килиб бизга жабр қилдилар» – дедилар.

Мен ушбу сўзлардан кейин айтаманки, эй дўстларим! Биз яшаётган ушбу замонда куфр билан айблашда қатъият кўрсатаётган ҳамда ушбу куфрни бандаларнинг айримларига эмас, балки барчаларига умумий йўналтираётган одамлар бор. Кўринг, уларни бу ишга ундаётган нарса Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларида бормикан. Биз Аллоҳнинг Китобида ҳам ва Расуллоҳнинг суннатларида ҳам бу нарсадан қайтарилгани ва огоҳлантирилганини кўрдик.

Баҳс ва мунозаралардан маълум бўладики, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сунан эгалари ривоят қилган қуйидаги ҳадисни хато тушунча билан ҳужжат қиладилар. У зот айтадилар: «Яҳудийлар етмиш бир фирқага, Насронийлар етмиш икки фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлингай». Имом Термизий ва Абу Довудлар қуйдаги ушбу жумлани ҳам зиёда қилганлар: «Уларнинг барчаси дўзахда, магар битта миллат жаннатдадир» – дедилар. Расулуллоҳдан: «У нима? – деб сўрашди». Шунда Расулуллоҳ: «Мен ва саҳобаларим тутган нарса (йўл) дир» дедилар.

Бу такфирчилар мана шу ҳадисга балки ушбу: «Мен ва саҳобаларим тутган нарса (йўл)дир»- деган қўшимча жумлага таянадилар. Нажот топувчи жамоа ва унинг тамғасини ўзлари учун хос деб билиб уни (монополия) қилмоқчи бўладилар.

Бир киши келиб улардан: «Сиз кимдан ва қайердансиз?—деб савол берса. «Мен нажот топувчи фирқаданман» – деб жавоб беради. Яъни унинг йўналишига қарши бўлган бошқа ҳамма гуруҳларни кофирлар ва фожирлар деб билади. Шу жиҳатдан у ўзига бошқаларни ўлдириш, қон тўкиш ва бу ердаги шунга ўхшаш ишларни ҳалол деб билади.

Мен сизларга бу каби ботил ва залолатга шўнғиб кетишнинг сабаби Расулуллоҳнинг ушбу ҳадисларини нотўғри тушиниш эканини айтиб бердим.

Эй дўстларим! Мулоҳаза қилиб эътибор беринглар. Албатта бу академик масала лекин уни баён қилиб бериш лозим. Мустафо соллаллҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудийлар .. фирқага бўлиниб кетдилар. Насоролар .. фирқага бўлиниб кетдилар» – дедилар. У зотнинг: «Яҳудийлар», «Насронийлар» – деб зикр қилишлари, мусулмонлар ҳам бўлиниб кетади – дейишларини тақозо этиши керак эди. Лекин у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулунмонлар .. бўлинади» – демадилар. Балки: «Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлингай» – дедилар. Бу ердаги умматдан мурод даъват қилиниши керак бўлган умматдир, даъватга ижобат қилган уммат эмас.

Расулуллоҳ Пайғамбар бўлиб келгандан бошлаб то қиёматгача бўладиган машриқу мағрибдаги барча, ижобат қилсалар ҳам қилмасалар ҳам у зотнинг умматларидир. Албатта улар, даъват килиниши керак бўлган умматдир.

Воқеъликда даъват қилиниши керак бўлган ушбу уммат ҳар хил эътиқодлари йўлида турли фирқаларга бўлинган. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нарса ана шу эди. Имом Термизий зиёда килган жумла ҳам унинг далилидир. «Уларнинг барчаси дўзахда, магар битта миллат жаннатдадир».
Ҳадисда такфирчилар айтаётганларидек «магар битта фирқа» ёки «фирқа» – дейилмади. Балки, «магар битта миллат» – дедилар. Миллат ва уммат калималари динга татбиқ қилинади. Яъни унинг маъноси: «Магар ислом дини ва унинг ҳар бир жамоаси жаннатга киради» – деганидир. Бу ерда бундан бошқа яна далил бўлиши мумкинми, эй Аллоҳнинг бандалари?

Маънавий тавотур даражасига етган ва барчаси саҳиҳлиги билан ажралиб турадиган кўплаб ҳадисларда, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси билан гувоҳлик бериб вафот этган кишини жаннатга кириши айтилган.

Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбару бўлса унга дўзах ўти ҳаром бўлибди» – деганлар.

Яна икки шайх ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: «Қайси бир банда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Расулуллоҳ» яъни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва мени Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик бераман» – деб Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ субханаҳу ва таоло ундан дўзахни тўсиб қўяди» – деганлар.

Бу ҳақида келган ҳадислар жуда ҳам кўп. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган бу башорат барча мусулмонларга татбиқ этилади.

Қадимий фирқаларнинг турларига ва янги мазҳабларнинг ҳар ҳил бўлишига қарамай бу башорат ҳамма мусулмонларга татбиқ қилинади. Бу одамларнинг ҳар бири Аллоҳнинг ҳузурига иймонини, балки «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» шаҳодатини кўтариб кетган-ку.

Энди биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларнинг барчаси дўзахда, магар битта миллат жаннатдадир» – деган ҳадисни нотўғри тушиниш билан тавотур даражасига етган кўплаб ҳадислариҳни қандай жамлашимиз мумкин. Бу ҳадислар, кимки «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб иймон келтирган ҳолда Аллоҳнинг ҳузурига жўнаб кетса Аллоҳ таоло ўзининг розилиги, мағфирати ва жаннатлари билан унга эҳтиром кўрсатишини такидлаб келган-ку!

Мен ушбу гапларни исломий шахарларга суқилиб кираётган анави такфирчилар ўзлари қилаётган ихтилофларга кўра ушбу умматнинг душманлари чангалидаги ўлжага айланиб қолмаслиги умидида айтаябман.
Кошки улар ўтган солиҳларимиз тутган йўлга қайтиб унга риоя этсалар эди. Кошки ушбу кишиларда ўтган салафи солиҳларимизга нисбатан ҳақиқий боғланиш бўлганида эди.

Эй Аллоҳнинг бандалари мен Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини яхши ўрганиб ундан дарс берган ва бу ҳақида китоб ёзган кишиларданман. Бу ерда бирорта саҳоба ўз замонасида бирор инсонни кофирга чиқаргани ҳақида хабар борми? Мен уларнинг бирортасини ундай қилганига тўқнаш келганим йўқ. Тобеъинлар замонасини яхши ўргандим. Улар орасида ҳам Мўътазила, Жаҳмия ёки Хорижияда бўлган кишиларни кофир деган бирор инсон борми? Мен бундай ишларнинг ҳеч бирига тўқнаш келганим йўқ. Энди куфр ва такфир сўзида қатъий туриб олаётган кишиларнинг ўтган салафларга эргашишлари қайерда қолди. Улар такрорланувчи ушбу сўзларни инсонни ўз Холиқи ва Мавлоси субханаҳу ва таолога яқинлаштирувчи тасбеҳдек қилиб олганлар.

Эй Аллоҳнинг бандалари. Биз яшаётган ҳозирги замон Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат аломатлари ҳақида сўралганида жавоб берган замондир.

У зот: «Агар қатл кўпайса. Қотил нима учун ўлдирганини, ўлдирилган нима сабабдан ўлдирилганини билмаса» (ана шу қиёмат аломатидир) – деганлар.

Ҳа, ҳозир қотил нима учун ўлдираётганини билмайди. Чунки у шунга буюрилган. Чунки у ўзини шу ишга ундаган кишининг чангалидаги ўлжадир. Шунинг учун у нима сабабдан ўлдираётганини билмайди. Ўлдирилаётган ҳам қайерда ўлдирилишини билмайди. Бирор иш қилмаган айбсиз инсон ўлимга маҳкум бўлмоқда.

Мен ушбу сўзларни даҳшатли ушбу залолат йўлида адашиб юрган анави кишиларнинг қулоқларига етиб бориб шояд ортларига қайтсалар деган умидда шу шаклда қисқартириб айтаябман.

Аллоҳ таоло бу дунёда инсонга берган умр қисқадир, эй Аллоҳнинг бандалари.

Аллоҳга қайтиш яқин, Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш жойи хатарли. Ушбу дўстларимиз Аллоҳга тавба қилсинлар. Аллоҳнинг Китобига, Расулуллоҳнинг суннатларига мурожаат этсинлар. Ўзлари билан Аллоҳ таолонинг бандалари ўртасидаги дўстлик кўпригини кенгайтирсинлар.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
10-октябр 2008-йил.

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

109510cookie-checkҲАҚОРАТ ТУРЛАРИНИНГ ЁМОНИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: