Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 тилда) Ер шари аҳолисининг 90 % гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда.
Қувонарлиси шуки, бизнинг ўзбек тилимиз ана шу барқарор 0.5 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади).
Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг мақоми халқаро миқёсда ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳособланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.
Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13 % и, Қирғизистоннинг 15 %и, Қозоғистоннинг 4 %и, Туркманистоннинг 6 %и ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди.
Шу ўринда, жаҳонда мавжуд тиллар ҳақида баъзи қизиқарли маълумотлар келтириб ўтамиз:
- хозирги кунда дунё миқёсида 5000 га яқин тил ва шеваларда гаплашилинади. Шулардан 845таси Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади;
- инглиз ва хитой тилларидан сўнг дунёдаги энг кенг тарқалган ва энг кўп гаплашилинадиган тил бу Испан тилидир;
- ҳозирги кунда дунёда йигирма бешта турли алфабетлардан фойдаланилади;
- дунёдаги энг кўп харфлардан ташкил топган тил бу Комбоджа тилидир. Ушбу тилда оз эмас кўп эмас 72 харф мавжуд;
- Вэтнамликларнинг тили бўлмиш Сэданг тили дунёдаги энг кўп унлилар мавжуд тил сифатида эътироф этилади. Ушбу тилда 55 та унли товушлар бор;
- энг кам унли товушли тил эса Абхазия тили деб юритилади. Унда атиги 2 та унли товуш бор;
- АҚШнинг Миннэсота штатидаги Шимолий Америка ҳиндуларининг “Чиппэва” деб аталувчи тилида 6000 та феъл замонлари бор;
- жаҳон тилларининг ҳеч бири “а” унлисисиз мавжуд ҳам машҳур ҳам эмаc, яъни дунё тилларининг барчасида “а” харфи мавжуд.
Интернет маълумотлари асосида
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Дилшод Насиров тайёрлади.