Тошкент шаҳрида 21 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Конрад Аденауэр” жамғармасининг (Германия) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Илмий-амалий семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда цивилизациялараро муносабатлардаги муаммоларни баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш, асосий, жорий, қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни аниқлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан иборат.
Анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори ва институт устоз ва талабалари иштирок этди.
ТИИ ректори ҳозирги кунда аждодларимиздан меърос бўлиб келаётган асарларни ёшларимизга ўргатиш, бу борада анъанавий қадрятларимиздан фойдаланиш, қолаверса Ғарб давлатларида жорий бўлган устоз-шогирд, ёки жамоавий билим бериш, Ҳиндистон ва Покистондаги олий ўқув юртлари қадимги Самарқанд ва Бухоро ўқиш тизимини давом эттириш орқали юксак натижаларга эришилаётгани, аслида бизнинг ютуғларимиз экани, ушбу қадрятларини яна ўзимизга қайтаришимиз кераклигини айтиб ўтди. Ундан ташқари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билим юртини битирган талабаларини дипломларини ўзаро тасдиқлаш кераклиги ва илмий ишлар қилаётган ёшларни ҳам ушбу ташкилот рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида ҳам таклиф билдириб ўтди, -деди У.Ғафуров.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати