islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚОРИЛАР УСТОЗИ ШАЙХ ҲАЙСАМ МАНИНИЙ РОҲИМАҲУЛЛОҲ

Тўлиқ исми Ҳайсам ибн Муҳаммад Маниний Дамашқий (هيثم بن محمد سعيد المِنيني الدمشقي)дир. Ушбу машҳур қори ва олим қироат ва тажвид, қироатлар илмида машҳур бўлиб, Суриянинг Дамашқ вилоятида жойлашган Манин шаҳарчасида ҳиж. 1385 / мил. 1965 йил таваллуд топган.

Ёшлигидан ўта зийрак, ўзига хос истеъдод соҳиби бўлган ёш Ҳайсам 12 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Шундан сўнг 1981 йил, 15 ёшида қироат илмида забардаст уламолардан бўлган Шайх Муҳиддин Абул Ҳасан Курдий (ҳиж. 1331, мил. 1912 / ҳиж. 1430, мил. 2009) роҳимаҳуллоҳдан барча қироатларни ўрганиш ва ижоза олишга муваффақ бўлади. У устози Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳда барча ўн қироатларни “жамъ” ва “ифрод” услуби, “Шотибийя” ва “Тоййиба” йўналишида Қуръонни 16 марта хатм қилиб топширган эди.

Бундан ташқари, Қуръон ва қироатларни Дамашқнинг “Фурқон” номидаги ислом институти, Байрутдаги “Дор ал-Қуръон лил-ҳифзи ват-тилава” таълим даргоҳларида таҳсил олади.

Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ Дамашқнинг “Қабр Отика” маҳалласидаги “Фахуро” жоме масжидида қироат ва тажвиддан дарс берган. Ўн минглаб кишини сиғдира оладиган ушбу масжидни ўша даврда “Қуръон таълими академияси”, деб аташар эди. Бу масжидга тўлиб-тошган талабалар Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳдан Қуръон қироати ва қироатлар илмини таълим олардилар. Шайх фаолияти давомида кўплаб талабаларга қироат ва тажвид, ўн қироатни таълим беради. Умрини Қуръони карим хизматига бағишлайди. Ихлос, тақво, ўз ишининг мутахассиси сифатида танилади. Ўз даврида қироат мутахассисларининг эътирофига сазовор бўлади.

Доктор Аҳмад Шумайс айтади: “Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Ким саййидимиз Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қироатини эшитишни хоҳласа, Шайх Ҳайсамни эшитсин…”. Ўз замонида дунё эътироф этган Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ қариган чоғида Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳни таровиҳ намозидаги хатм имомлигига ўтказар ва унга иқтидо қилиб турар эди.

Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ умрининг охирги беш йилини Байрутда, Шайх Валид Аббос билан биргаликда Қуръондан таълим берди. Шайх Валид Аббос айтади: “Гувоҳлик бераманки, Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ Қуръон билан ётиб, у билан турар эди. Сафари, емоғи ва ичмоғи, нафас олиши фақат Қуръон билан эди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин”.

“Хулоса мо фий сориҳ ан-насс мин ториқ ат-тоййиба биривая Ҳафс (خلاصة ما في صريح النص من طريق الطيبة برواية حفص)” номли китоб ёзиб қолдирган.

Қуръон каримни тажвидга мувофиқ тўғри тиловат қилишни ўрганаётган талабаларга устозлари кўп ҳолларда Шайх Ҳайсамни тинглашни маслаҳат беришади.

Шайх Ҳайсам ҳиж. 1420 / мил. 1999 йил, 34 ёшида вафот этган.

Қуйидаги иловадан Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ қироатини тинглашингиз мумкин:

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ

116930cookie-checkҚОРИЛАР УСТОЗИ ШАЙХ ҲАЙСАМ МАНИНИЙ РОҲИМАҲУЛЛОҲ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: