islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари таъмири давом этмоқда

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси лабараториясида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар  ҳамкорлигида “Мўйи муборак” музейида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини  таъмирлаш ишларининг навбатдаги  босқичи бошланди.

Ушбу жараён билан танишиш ва назорат қилиш учун ўзбек-француз қўшма илмий кенгашининг аъзолари: Франциянинг Лувр музейи Ислом санъати департаменти директори Яник Линц, Франция Миллий кутубхонаси собиқ раҳбари Франсис Ришар, археологлар Рокко Рантье ва Франц Гране ҳамда ЎзР ФА Санъатшунослик институти директори Шокир Пидаев лабараторияда бўлишди.

Ушбу қадимий Қуръони карим саҳифаларини таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи 2019 йил 7-11 ноябрь кунлари якунланган эди.

Шу кунларда бўлаётган таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичини франциялик мутахассислар Аксель Дело, Ауреля Стрери, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлими бошлиғи Шаҳноза Ишматова, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходими Шухратуллоҳ Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икрамов амалга оширмоқда.

Ушбу таъмир ишлари Юртбошимизнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 21 сентябрдаги топшириғи асосида Маданият Вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллий мутахассислар хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганмоқда, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқув-машғулотлар ташкил этилди, хорижнинг малакали экспертлари юртимизга таклиф этилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири бўлган “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидида узоқ сақлангани учун шу номни олган. У XIX асрда муқоваланган.
Юртимизда “Катта Лангар Қуръони”нинг 16 та саҳифаси бор. Уларнинг бир саҳифаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонаси ва Бухоро давлат музей қўриқхонасида, 13 саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида сақланмоқда.

“Катта Лангар Қуръони”нинг юртимизга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан нодир қўлёзма VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврда ёзилган. Тахминларга кўра, “Катта Лангар Қуръони”нинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозирда уларнинг фақатгина 97 саҳифаси сақланиб қолган бўлиб, уларнинг 81 таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

Камолиддин МАҲКАМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мудири, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Манба: muslim.uz

119390cookie-check“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари таъмири давом этмоқда

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: