Саудия Арабистони ҳукумати мамлакатга саёҳат қилмоқчи бўлган хорижликлар учун сайёҳлик визаларини беришни бошлаши ҳақида хабар тарқатилди. Бу қарорга келинишидан мақсад сифатида нефтга боғланиб қолган иқтисодиётдан воз кечиш экани айтилмоқда. Туризм иқтисодиётни диверсификация қилишда энг яхши восита экани таъкидланди.
Саудия туризм бошқармаси раҳбари шаҳзода Султон ибн Салмон ибн Абдулазизнинг фикрича мамлакатда яқин орада сайёҳлик визалари жорий этилади.
Хабарда ҳаж учун келаётган мусулмонлардан ташқари Саудия Арабистонига саёҳат қилмоқчи бўлган хорижликлар учун визаларни расмийлаштириш жуда қийин ва ўта қимматбаҳо жараён ҳисобланиши маълум қилинган.
Аввалроқ, мамлакатнинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Қизил денгиздаги 50 та оролни қимматбаҳо курортларга айлантирилишини маълум қилган эди.
Саудия Арабистони ҳукумати сайёҳлик визалари берилишида ҳеч қандай чекловлар ҳақида маълум қилмаган. Бу эса ҳаж ва умра мавсумидан бошқа вақтларда мамлакатга саёҳат мақсадида барча мамлакат фуқаролари ташриф буюриши мумкинлигини англатади. Ўзбекистон фуқаролари ҳам шулар жумласидандир.
muslim.uz