Осуда тонгларга шукрона айтиб, қуёш нурин ёйсин йўлларингизга,
Яратган беҳисоб куч ато этсин, дуолар тўкилаган қўлларингизга
Она!
Бу табаррук сўзни айтиш ёки эшитиш билан юрагимизда бехосдан чексиз меҳр пайдо бўлади. Ва ҳар сафар вужудимизда онанинг мунис ва меҳрибон сиймоси акс эта бошлайди. Томирларимизда самимият ва яхшилик дарёдай жўш уради. Она, дейиш билан тилимиз ҳам, дилимиз ҳам беқиёс инсоний меҳр-муҳаббатга, эзгуликка тўлиб-тошиб бораверади, бораверади…
Бизда катта байрамлар, йирик тантаналар “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш, онани зиёрат қилиш билан бошланади. Бу зиёратда ҳикмат бор… Гўё онанинг пок дуоси бор.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 5 март куни, Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва 1-курс талаба қизлари билан олийгоҳга яқин жойда истиқомат қилувчи Фотимахон аяни зиёрат қилиш мақсадида ташриф буюришди.
Ўзбек онаси ҳамиша жонкуярлиги, меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги билан бошқа миллат оналарига ибратдир. Мунис онахонни ғарибона ташрифимиздан кўзлари ёшланди. Фотимахон аянинг бу холисона зиёратдан бошлари осмонга етиб беихтиёр меҳнатдан қаварган, титроқ қўлларини олийгоҳимиз ва талаба қизларимизнинг ҳақларига дуо қилиш учун кўтарди. Ҳадис муборакда “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” дейилгани айни ҳақиқатдир. Муқаддас Ислом динимизда аёл – она нечоғлик улуғлаганлигини миллий урф-одат ва қадриятларимизда ҳам кўришимиз мумкин.
Миллатнинг улуғлиги — онанинг улуғлиги билан белгиланади. Онага бўлган эҳтиром — миллатга бўлган эҳтиромдир. Миллат комиллиги — она комиллиги билан ўлчанади.
Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова