islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Коронавирус тез орада тугайди

Азизларим, сизларга хушхабар бераманки, бу вабо тез орада, шубҳасиз тугайди. Чунки, бу Аллоҳнинг суннатларидан бўлиб, бало Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида узоқ вақт турмайди. У Аллоҳнинг суннатларидан ҳисобланиб, албатта, балонинг вақти оздир. Эй азизларим, “корона” тезда тугайди. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ! Аллоҳга қасам ичиб айтаман ва ушбуларни Аллоҳ номи билан сизлардан сўрайманки, агар “корона” тугаса, ундан кейин рибога қайтманглар, агар корона вабоси тугаса, қизларингиз ва аёлларингиз очиқ-сочиқ ҳаётига қайтмасинлар. Биз бугун “корона”дан қўрқиб инсоннинг инсонга қўл бериб салом беришидан қайтаряпмиз. Инсонлар бугун ўлимдан қўрқмоқдалар. Карантин ва вирусни олдини олиш воситалари билан ҳимояланиб ўлимдан қўрқиб барча чекловларга рози бўлмоқдалар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан сўрайманки, “корона”дан кейин ҳам ҳозир ўзингизни сақлаётгандек ёмон ишлардан четлашинглар.

Масжидлар қулфланганидан кейин унга бўлган муштоқликдан кўзлар ёшланди. Шуни ҳам билингки, ўша масжидлар “корона”дан олдин бомдод намозларида бўш эди. “Корона”дан кейин масжидлар яна бўш қолса, мана шу нарсага йиғланглар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан шуни сўрайманки, бу ҳол иймондандир. Бу ҳол тақво ва қўрқишдандир. Бу ҳол даҳшатдандир, Аллоҳга ва ўлимдан қўрқишга яқин бўлишдандир. Аллоҳга қасамки, дунё тезда яна изига тушиб кетади.

Бугун инсонларнинг барчаси бир-биридан кечиришларини сўрашмоқда. Барчалари ижтимоий тармоқларда “Аллоҳга қасамки, мени кечир”, “Аллоҳга қасамки, мени авф эт” деб бир-бирларига ёзмоқдалар.

“Корона” тезда тугайди, лекин бундан кейин силаи раҳмни узманглар, бундан кейин рибога қайтманглар, бундан кейин оталарингизни ва оналарингизни қариялар уйларига олиб бориб ташламанглар.

Буюк давлатлар бугун атом ва бомба сабабидан қуламадилар. Дунёдаги иқтисоди ва ҳарбий кучлари юқори даражада бўлган буюк давлатлар бугун материкларни кесиб ўтадиган ракета зарбалари сабабли қуламадилар. Балки улар шу кўзга кўринмайдиган вирус сабабидан қуладилар. Қани уруш-у тўпалонлар, уларда жон бераётганлар ҳақидаги тезкор хабарлар? Дунёдаги барча зулмлар бирдан тўхтаб жим бўлиб қолди-ку!? Ажобо! Бугун дунёга қаранг! Зулм қилувчилар вирусдан қўрқмоқдалар. Умид қиламанки, Қиёмат кунига қадар шу қўрқув устида қолсинлар. Умид қиламанки, башарият “корона”дан кейин ҳозирги хокисор ва меҳрибонликларида қолсинлар.

Азизларим, сўзим сўнгида айтаманки, қани “корона”дан олдин дунёда халоскор бўламан деган “қаҳрамонлар”. Улардан умид қиламизки, қани бизга “корона” муаммосини ечиб берсинлар. Биз томошабинларни вақтимизни ўғирлаб ёлғон-яшиқ хабарлари билан енгил-елпи ҳаётга чақирувчилар, умид қиламизки, улар ушбу қийинчиликни ечиб берадилар! Лекин ечолмайдилар!

Барчамиз ўзимизни катта олар эдик. Мана, барчамиз уйларимизга бекиниб олдик. Мўтабар дин уламоларидан дуо ва солиҳ инсонлардан Қуръон тиловатлар қилишини сўраб турибмиз. Ҳаммамиз шифокорларнинг йўл-йўриқ насиҳатларини ва муолажасини умид қилиб ўтирибмиз, ваҳоланки шифокорларни менсимасдик.

Ва яна, бугун бизга корона касаллигини даволаб хизмат қилаётганлар шифокорлар бўлмоқда. Ана энди бюджет маблағларини кўп қисмини шифокорларга сарфлайлик.

Эй Роббимиз, Эй Роббимиз, биз қадримизни билдик. Эй Роббим етти осмон устидан шоҳид бўлгинки, албатта биз қадримизни билдик. Аллоҳдан бошқада куч-қувват йўқдир.

Агар одамлар ер юзидаги илм-фан, технологиялар ва ақлли одамларнинг тадбирлари иш бермади, иш осмондаги Зотга топширилди деса, сизлар шундай денг, Аллоҳ осмонларни яратганидан бери иш осмондаги Зотга топширилгандир. Лекин сизлар зулмларингизда, кибрларингизда ухладингиз, унга ғарқ бўлиб кетдингиз. Буни кўрмадингиз.

Эй Робб, биз қадримизни билдик, бизга бу балони бизда узоқ вақт қолдирмагин. Эй Робб, биз билдикки, биз жуда заифмиз. Эй Робб, билдикки, биз фақирмиз. Эй Робб билдикки, Сен Жабборсан, Сен Қаҳҳорсан. Лекин биз Сенинг Роҳман ва Роҳим эканлигингни ҳам билдик. Эй Аллоҳ, бизни гуноҳларимиз сабаб жазоламагин, бизни амалларимиз сабаб жазоламагин. Эй Робб бало бизни уйларимизда бирлаштирди, юртларимизни бирлаштирди. Эй Робб, шу вабо сабабидан биз аҳлларимизни суйганларимизни йўқотдик. Эй Робб, Сендан бу балони биздан тезда кўтаришингни сўраймиз. Эй Робб, Рамазонда масжидларимиз одамлар билан тўлсин. Эй Робб, Рамазонда Масжидул Ҳаромда умра қилган ҳолда, қурбонликлар қилган ҳолда ибодатлар қилайлик. Биз Сенинг олдинда заиф эканлигимизни эътироф қиламиз. Эй Роббим, Сенинг ҳузурингга қайтамиз. Биз гумон қиламизки, албатта Сен бизга масжидларни қайтариб берасан. Бизга масжидун Набавийни қайтариб берасан. Эй Робб, сен ҳақингдаги гумонимиз гўзалдир. Албатта Сен “Мен бандамнинг гумонидадирман” деб айтдинг. Эй Робб, гумонимиз гўзалдир. Албатта биз Рамазонда таровеҳлар ўқиймиз, масжидул ҳаромда умралар қиламиз.

27.03.2020
Маҳмуд ал-Ҳасанатнинг жума хутбасидан 1-курс талабаси З.Азизова таржимаси

127380cookie-checkКоронавирус тез орада тугайди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: