Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?
Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди.
Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан.
У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди.
Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди.
Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди.
Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди.
Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди.
Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди.
Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим